Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиали жамоаси хорижий мамлакатларнинг мутахассислари билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйиб бормоқда. Бу сафарги меҳмонлар Қозоғистондаги Кардиологик ва ички касалликлар илмий-тадқиқот институтининг юқори малакали кардиожарроҳлари бўлишди. Тиббиёт фанлари номзоди Рустам Тулеутаев билан Акан Баграмовлар юрак клапанлари реконструкцияси доирасида иккита жарроҳлик амалиёти ўтказишди. Операция жараёнида наманганлик ҳамкасб­лар биргаликда иштирок этишгани учун маҳорат дарси сабоғи ролини ўйнади.

Биринчи бемор Тўрақўр­ғон туманидан келган 55 ёшли Муққаддас Ғоипова бўлиб, у юракнинг сурункали рематик касаллигидан озор чекарди. Ташхиси: митрал клапан етишмовчилигининг учинчи даражаси эди. Яна ўпка гипертензияси, хилпилловчи аритмия асорати юзага келганди. Операция столига ётқизилган беморнинг юраги тўхтатиб қўйилиб, сунъий қон айлантириш аппарати ёрдамида юрак ва ўпка вазифаси вақтинча бажариб турилди. Кардиоплегия шароитида, яъни юрак музлатилиб қўйилиб, мутахассислар тили билан айтганда: "Митрал қопқоқ орқа табақаси трансангуляр резекцияси, митрал қопқоқ пластикаси ва интероперацион РЧА амалиёти" ўтказилди. Бу юрак мароми бузилишида эктопик ўчоқ радио час­тота билан абляция қилинди, яъни куйдирилди деганидир. Операциядан сўнг беморда узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган хилпилловчи аритмия бартараф этилди ва синус ритми тикланди.

Иккинчи бемор чустлик 63 ёшли О.С.Бувахўжаева эса, комбинациялашган митрал клапан нуқсонидан қийналарди. Унда трикуспидал клапан етишмовчилигининг учинчи даражаси, юрак ўнг бўлмачаси субтотал тромбози аниқланган. Хилпилловчи аритмия, гипертониниянинг учинчи босқичи асорати келиб чиққан. Оғир хавфли омил шароитида яшарди. Бемор қозоғистонлик олим-шифокорларнинг ҳаракати билан ҳаётига чанг солаётган хавфдан қутқарилди. Унда ҳам юқоридагидек шароитда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Митрал қопқоқ протезланди, трикуспидал клапан пластикаси юрак чап-ўнг бўлмачаларидан тромбоэктомия ва интероперацион радио частотали абляция қилинди.

- Маҳорат дарси йўсинидаги ҳар икки жарроҳлик амалиёти юртимиз вилоятлари ичида биринчилардан бўлиб, Наманганда уддаланди, - дейди мамнуният билан филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. - Авваллари бундай юрак клапанлари паталогияси ва хилпилловчи аритмияси бор беморларимизда фақатгина клапан протезлаш ўтказилиши билан чекланиб қолинарди. Шу ҳолатда хилпилловчи аритмия йўқолмаганлиги сабабли юрак бўлмачаларида тромб ҳосил бўлиш хавфи баланд эди. Юқоридаги операция бундай ташвишни камайтиради, дейишга тўла ҳақлимиз. Биз ана шуни назарда тутиб, кардиожарроҳликдаги янги қадамларимизни янада дадил ва давомли бўлишини режалаштириб турибмиз.

"Ҳамкорликда ҳикмат кўп" деган нақл бежиз айтилмаган. Филиалдаги икки томонлама манфаатли ҳаракатлар, албатта, ўзининг қувончли самарасини бераверади.

Содиқ САЙҲУН.