Янгиқўрғон тумани шифо масканларида эгнига оқ халат кийган 1900 нафар нажоткор орасидан битта-яримта қўпол ва таъмагир, қорин оғриғи билан кўричакнинг фарқига бормайдиган уқувсиз врач, жарроҳлик амалиётидан сўнг гипсни меъёрида боғлай олмайдиган ҳамшира ёхуд дунёга фарзанд келтирган онадан "суюнчи" ундириш пайида бўлган нафс бандалари бўлса бордир. Аммо касбига, бажараётган вазифасига сидқидил ёндашаётган, чуқур билимли ва юксак иқтидорли, нафақат муолажалари, балки ширинзабонлиги ва меҳрибонликлари билан беморларнинг дардларига малҳам қўяётган, ҳаётга қайтараётган фидойилар эса кўпдан-кўп. Туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Баҳодир Турсунов ҳам ана шундайлардан.

У 1988 йилнинг Наврўз айёмида бирлашганлик Зокиржон ва Назирахон Турсуновлар хонадонида туғилган. Ота-онаси элу юртига манфаатли, полвон йигит бўлсин, дея унга Баҳодир исмини қўйишган. Зеҳни ўткир бола бошланғич таълимни қишлоқдаги 38-ўрта мактабда олди. Илк ҳарфни ўргатган устози - Турдихон ая Тошматова Баҳодирдаги ўткир зеҳн ва тиришқоқликни сезиб, унга алоҳида эътибор беради. Устози тавсияси билан Баҳодир туман марказидаги 50-мактаб - интернатда табиий фанлар йўналиши бў­йича ўқишини давом эттиради...

У 2006 йили мактабни аълога битириб, орзулар йўлидаги илк қадамини ташлади. Тошкент Тиббиёт Академиясининг даволаш факультети талабасига айланди. Китоб билан ошно бўлди, қунт билан ўқиди. Соҳага оид рисолаларга қайта-қайта мурожаат қилди. Талабалик пиллапоясидан юқорилаган сари Баҳодир кўп нарсага улгурмаётгани равшан бўла бошлади. Устозлари ҳам "бўладиган бола"дан ёрдамларини аямадилар, маҳорат сирларини ўргатдилар.

Етти йиллик таҳсилни якунлаб, врачлик мақомига эга бўлди. Лекин катта орзуларга етиш учун бу камдай эди. Кўп ўйлаб ўтирмади ва ўзи ўқиган тиббий олий таълим даргоҳининг "Анестезиология - реаниматология" йўналиши бўйича магис­тратурага давлат гранти асосида ўқишга кирди. Уч йиллик талабалик даврида Вячеслав Ервандович Аваков қўлида тиббий билимларини янада бойитди.

Баҳодир Турсунов Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг жонлантириш бўлимига ишга юборилди. У бу ерда бир йил сидқидил меҳнат қилди. Назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш ва маҳоратини мукаммаллаштириш учун устозлар ёнидан жилмади, мураккаб амалиётларда фаол иштирок этишга интилди. Ўзи ёш бўлсада, илмга чанқоқлиги, касбини чин дилдан севиши, жамоа ҳамда беморларга бирдай меҳрибонлиги билан алоҳида ҳурматга сазовор бўлди.

Аслида, илгаридан тумандошларига хизмат қилиш нияти бор эди. Бир йил ўтгач, Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ишга чақиришди. У билими етарли ва иқтидорли мутахассис бўлмасин, Абдумутал Йўлдошев, Абдувоҳид Иномов, Раҳимжон Мадраҳимов ва Муҳаммадсолиҳ Исоқжонов каби тажрибали врачларга суянди, маслаҳатларини олди.

Фаолияти давомида юзлаб беморларнинг жонига оро киритди. Энг муҳими, у ташхисни тўғри қўйишга алоҳида аҳамият берди. Бу эса тиббиётда олтин баробар қадрли.

Баҳодир ўзининг одоби, атрофдагиларга меҳрибонлиги, каттаю кичикнинг ҳурматини жойига қўйиши, қатъий интизоми туфайли қисқа вақт мобайнида жамоада ўз ўрнини топди. Бу туман тиббиёт раҳбарларининг эътиборидан четда қолмади ва уни ўзи ишлаётган бўлимга мудир этиб тайинладилар.

- Бешинчи синфда ўқиётган кезларим эди, - дейди моҳир врач биз билан суҳбатда. - Онамнинг азият чекаётганларида ёрдам беролмай, "Катта бўлсам, албатта онам каби беморларни даволайдиган дўхтир бўламан" деб олдимга мақсад қўйгандим. Онам тузалиб, кетдилар, аммо мен ўз қароримда қолдим. Шу-шу тиббиётга оид китобларни варақлай бошлаганман...

Баҳодир билан кўп ва хўп гаплашдик. Суҳбатимиз асносида у бўш пайтларида бадиий адабиёт, соҳасига оид қўлланма ва рисолаларни тинимсиз ўқиши, обрў-эътиборли врач сифатида тилга тушишида энг аввало китоб унинг энг яқин дўсти бўлгани, мутолаа ҳар қандай эзгуликка элтадиган ойдин йўл эканлиги ҳақида тўл­қинланиб гапирди.

- Туманимизда билимдон, иқтидорли ва меҳнаткаш врачларимиз кўпчиликни ташкил қилади, - дейди бош шифокор Лайло Аҳмедова. - Тажрибали, ёши катта ходимларимизни камситмаган ҳолда айта оламанки, Баҳодир Турсунов чиндан-да, худо берган иқтидорга эга. Назаримда, у оқ халат соҳиби бўлиш учунгина дунёга келгандек. Ҳамма ҳаракатлари врачлик либосига мос ва хос. Ўта камтар, масъулиятли, ишчан ва виждонли...

Куни - кеча хушхабар эшитдик. Баҳодир Турсунов 193 киши фаолият юритадиган туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига мудир этиб ишга тайинланибди. Яхши мутахассис қўл остидагилардан ҳам ўзи каби фидойилик билан халққа кўпроқ нафи, ёрдами тегадиган даражада ишлашни талаб қила олади.

Биз ҳам Рашида Абдуллаевадек оқила аёлнинг турмуш ўртоғи бўлган ва бир қизу бир ўғилнинг отаси, келажаги порлоқ врач, айни дамда ёш раҳбар Баҳодир Турсуновга беҳад масъулиятли вазифасини ҳалол ва фаол адо этаверишини, ҳамиша беморлар олқишига сазовор бўлиб юришини тилаб қоламиз.

Қамбар ҲАЙДАР.