Шундай ҳадис бор: "Илмни Чинга бориб бўлса ҳам ўрганинг". Бу жамият ривожи ва инсоният манфаати учун тоғ ва уммонлар ошиб бўлса-да, илм-ҳунар ўрганиш фарз демакдир. Динимиздаги бу ғоя XXI асрда ҳам ўз моҳияти ва қимматини йўқотмади. Аксинча, янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда бугун хорижий давлатларда ўқиб, малака ошириб, катта ютуқларни қўлга киритаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Билим олишдан чарчамаётган, тинимсиз изланиб, интилаётганлар шунга яраша обрў-эътибор қозонмоқдалар. Улардан бири - ҳамюртимиз Сайдулло Шарифбоевдир.
Сайдулло Наманган шаҳрида, шифокорлар оиласида туғилди. Демакки, унинг қонида тиббиётга нисбатан туғма иқтидор бор. Ўрта мактабни тугатиб, Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олди. 2002 йилда институтни муваффақиятли тамомлаб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг "Шошилинч нейрохирургия" бўлимида клиник ординатурани ўтади. Сўнг беш йил мобайнида врач-ординатор бўлиб ишлади. 2009 йилдан буён мазкур марказнинг Наманган филиали "Нейрохирургия бўлими"да меҳнат қилиб келмоқда.
Тиббиётнинг барча йўналиши нозик, айниқса, нейрохирургия ниҳоятда мураккаб. Сайдулло ана шу оғир тармоқни танлади ва бир умрга бу борадаги қийинчиликларни қобилиятли, қўли енгил мутахассис шифокор сифатида енгишга, эл дардига дармон бўлишга аҳд қилди.
Қаҳрамонимиз Сайдулло ҳам ўтган йили Япониянинг "Tokyo Women s Medical University Medical Center East" клиникасида уч ой муддатли малака ошириш имкониятини берувчи грант соҳиби бўлди.
- Мазкур клиника Токио шаҳрининг Аракава ҳудудида жойлашган 350 ўринли, яна Иидобаси кўчасидаги 1600 ўринга мўлжалланган шифохоналари бор, - дейди Сайдулло шу ҳақда гапириб беришни сўраганимизда. - Унинг 40 ўринли нейрожарроҳлик бўлимида нейроонкология, бош мия қон томирлар жарроҳлиги, орқа мия ва периферик асаб тизими касалликлари, нейротравматология, функционал нейрохирургия ва болалар нейрохирургияси бўйича беморлар қабул қилиниб, даволанади. Бу ерда вақт шифокорлар учун олтиндан ҳам қадрли. Ҳар кун, ҳар соат аввалдан режалаштирилиб, самарадорлиги таъминланади. Ҳар пайшанба врачлар учун семинар ўтказилади. Унда чет эл ва Япониянинг илмий-амалий журналларида чоп этилган мақолалар таҳлил қилинади. Сешанба ва пайшанба кунлари операция, чоршанба ангиография (мия қон томирларини текшириш) ўтказиш кунлари ҳисобланади.
Дарҳақиқат, Сайдулло ана шу мураккаб жарроҳлик амалиётларида ассистентлик қилди. Ангиография текширувини мустақил ўтказишни ўрганди. Марказий клиникада профессор Косаку Амано билан учрашиб, ўқув семинарларда унинг маърузаларини тинглади. Мураккаб амалиёт жараёнларида ёнида туриб, нейроэндоскопик операцияларни бажариш сирларини ўзлаштирди. Япон ҳамкасбларига Ўзбекистон ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар ҳақида ҳикоя қилувчи тақдимот маросимини ҳам ўтказди. Малака ошириш даврида тўпланган билимлари натижаси ўлароқ, ёзган илмий мақоласи чет эл нашрида чоп этилди. Энг муҳими, мазкур клиника билан бизнинг РШТЁИМ Наманган филиали ўртасида меморандум имзоланди.
Нейрожарроҳлик бўйича республикамизда ҳамда хорижий давлатларда ўтказилган бир неча халқаро тадбирлар иштирокчиси бўлмиш Сайдулло Шарифбоев Америка нейрохирурглар ассоциацияси ва Европа нейрохирурглар жамияти аъзосидир. У Япония ва бошқа мамлакатларда олган билимлари ва ўзлаштирган тажрибалари билан тўхтаб қолишни истамади. 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида Буюк Британиянинг Шеффельд шаҳридаги "Хелламшер Қироллик шифохонаси (Royal Hellamshare Hospital)"да малака ошириш курсларини ўтади.
Ушбу шифохоналарда профессорлар назоратида умуртқа, орқа мия касалликлари, бош мия ўсмалари, бош мия шикастлари, паркинсонизм, эпилепсия ва бошқаларда замонавий оператив даво усуллари билан танишди. Улардан бир мисол: "Хелламшер Қироллик шифохонаси": эпилепсия касаллигида адашган нервга (X-жуфт бош мия нерви) электр стимулятор ўрнатилса, тутқаноқлар қайтарилишининг камайишига эришиш мумкин. Бу операцияларни таниқли доктор, роботлар билан амалиёт ўтказиш бўйича етук мутахассислардан бири К. Баттачария амалга оширди.
Шифокор Англия сафари давомида билими ва тажрибасини мустаҳкамлаш билан бирга мамлакатнинг тарихи ва бугуни, халқининг турмуш тарзи, маданияти ва анъаналари билан ҳам қизиқди. Манчестер, Йорк, Лондонга саёҳат қилди. Машҳур Британия музейи, Букхингем қиролича саройи, Бигбен, Лондон аквариумини бориб кўрди.
Қадрдон она шаҳрига, жонажон меҳнат жамоасига улкан таассуротлар билан қайтар экан, олдига янада каттароқ вазифаларни қўйди. Айни пайтда нейрожарроҳлик бўлимига мураккаб операцияларни йўлга қўйишда асқотадиган қимматбаҳо тиббиёт жиҳозларини олиб келиш ҳаракатида бўлди. Шу мақсаддаги изланишларини давом эттирди. 2018 йилда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан эълон қилинган "Ривожланаётган давлатлар учун кичик грантлар дастурида"да иштирок этиши натижасида ўзи иш фаолиятини олиб бораётган шифохонага Япония элчихонасидан 110 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ютиб олди. Бу маблағ эвазига Германиянинг "Karl Storz" компаниясида ишлаб чиқарилган "Нейроэндоскоп" аппарати сотиб олинди ва шифохонага ўрнатилди.
Сайдулло 2019 йилда ўз устида изланишларни давом эттириб, Россиянинг Москва шаҳридаги Н. Н. Бурденко номидаги Нейрохирургия илмий-амалий марказида навбатдаги малака ошириш курсларида бўлиб қайтди ва у ерда профессор А. Н. Шкарубо қўл остида мураккаб ҳисобланган "Нейроэндоскоп" аппарати ёрдамида калла асосидаги ўсмаларни олиш операцияларини ўрганди. Ҳозирда "Нейроэндоскоп" аппарати ёрдамида республикамизда вилоятлар ичида биринчилардан бўлиб гипофиз бези ўсмаларида бурун орқали операция қилиш усулини амалга татбиқ этди. Бундан ташқари, болаларда учрайдиган гидроцефалия касаллигида "Бош мия III-қоринчаси тубини нейроэндоскоп аппарати ёрдамида перфорациялаш" операциясини ҳам вилоятлар ичида биринчилардан бўлиб муваффақиятли амалга оширди. Авваллари бундай мураккаб, нозик операциялар фақат дунёнинг ривожланган мамлакатларида (G-20) амалга оширилар ва бу операциялар учун жуда катта маблағ сарфланар эди. Бугунга келиб бундай мураккаб операциялар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ҳам амалга оширилмоқда.
Сайдулло Шарифбоев яна бир қизиқ ҳолат ҳақида гапириб берди. У Японияда малака оширган вақтда профессор Косаку Аманодан: "Сиз ҳам менга ўхшаб, бирор чет мамлакатда малака ошириб, шу "Нейроэндоскоп аппарати"да операция қилишни ўрганганмисиз?" - деб сўраганида, профессор унга: "Мен ўз устозим билан 200 та шундай операцияга кирганман ва 201-операцияни ўзим қилганман. Мен ҳеч қаерга бормаганман", - деб айтган. Бу ҳолатнинг қизиқ жиҳати шундаки, Сайдулло япониялик профессорга ўхшаб 200 та операциядан кейин эмас, балки 100 тага етмаган мураккаб нейроэндоскоп ёрдамидаги операцияларда иштирок этиб, кейинги амалиётларни мустақил бажара олди. Бу ҳам бизнинг ёш кадрларимиз салоҳияти японларникидан кам эмаслигини билдиради.
Санжарбек ҲАМИДОВ.