Юнусхон Эргашев номини вилоятимизда фаолият юритаётган эпидемиологлар ҳурмат билан тилга олишади. Боиси отахон ушбу соҳада салкам ярим аср ҳалол ва фаол хизмат қилиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган.
У 1940 йил Наманган шаҳрида туғилган. Уйчи туманидаги 11-сонли мактабни тугатиб, Наманган тиббиёт техникумида фельдшерлик йўналиши бўйича таҳсил олади.
Илк иш фаолиятини 1958 йилда Янгиқўрғон тумани Хадикент қишлоғидаги тиббий пунктда фельдшер бўлиб бошлаган. Хадикент, Пастки ва Ўрта Ялонғоч қишлоқлари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб, уларнинг олқишларини олди. Элнинг дуоси, ўзи ёрдам кўрсатган беморларнинг миннатдорлигидан руҳланган Юнусхон ака билимини янада мукаммаллашга қарор қилди.
1960 - 1966 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институтининг санитария - гигиена факультетида ўқиди. Тақсимотга кўра, ёш мутахассис Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги санитария -эпидемиология станцияси бош врачи бўлиб иш бошлади. Туманда соҳа ишини ривожлантиришда ғоят фаоллик кўрсатди.
Ю. Эргашев 1968 йилда Наманганга қайтди. Унга вилоят СЭСда ўта хавфли касалликларнинг олдини олиш бўлими мудири вазифаси топширилди. Вабо, чинчечак, қутуриш, бруцеллёз, эбола ва бошқа бир қатор хавфли касалликларининг олдини олишда ғоят масъулият билан фаолият юритди.
1995 йилдан эса вилоят ОИТС қарши кураш марказида орттирилган иммун танқислиги синдроми касаллигининг олдини олиш бўлимида мудир бўлиб ишлади. У касалликка қарши кураш бўйича аҳоли орасида тарғибот - ташвиқот ишларини кучайтирди. Телевидение, радио, газета ва журналларда мунтазам чиқишлар қилиб борди. У Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бир қатор "Фаҳрий ёрлиқ"лар билан тақдирланди.
81 ёшли Юнусхон ота яқинда таҳририятимизга келиб, ўзининг тиббиётга баҳшида умридан миннатдор эканлиги ҳақида сўзлаб берди. Айниқса, отахон кўплаб шогирдлари соҳада ҳалол ва фаол хизмат қилаётганидан бахтиёрлигини билдирди.
- Ўттиздан зиёд эпидемиолог шогирдларимнинг барчаси фидоий ва ўз касбининг усталари. Улар орасида Зокиржон Абидов, Ғайбулло Шарипов сингари тиббиёт фанлари номзодлари ҳам бор, - дейди у ифтихор билан.
- Юнусхон аканинг берган тўғри йўл-йўриқ ва маслаҳатлари туфайли, юксак мартабаларга эришдим, - дейди вилоят қон қуйиш маркази раҳбари Зокиржон Ҳожимирзаев. - Олийгоҳни янги тугатиб, СЭСнинг "Ўта хавфли касалликлар" бўлимига ишга келганман. Устоз ғоят талабчан эдилар. Назарий билимларимизни амалиётда мустаҳкамлашда жуда катта ҳисса қўшганлар.
Ю. Эргашевнинг фазилатларини вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ходими, эпидемиолог Адҳамжон Қирғизов ҳам ғоят фахр билан изҳорлади.
Дарҳақиқат, Соғлиқни сақлаш аълочиси Юнусхон ота Эргашев ибратга арзигулик умр кечирди. Касби туфайли эришган муваффақиятлари, оиласидаги фаровон турмуш, бахтли ва саодатли ҳаёт ёш авлодга ўрнакдир. Қарангки, турмуш ўртоғи Замира Умарова ҳам тиббиёт ходимаси бўлган. Улар 4 нафар фарзандни эл корига камарбаста инсонлар этиб тарбиялаб вояга етказдилар. Қўша-қариш бахтига мушарраф, табаррук ёшдаги пиру бадавлат ҳожи ота бугун фарзандлари, 15 нафар набира, 5 нафар эваралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқда. У халқимиз саломатлигини сақлаш йўлидаги кўп йиллик хизматларидан ҳамиша мамнунлик туяди.
Манзура ЭРГАШЕВА.