Мавжуда Ҳолмедова Поп туманида яшайди. Кейинги пайтларда бош оғриғидан кўп қийналарди. Доимо кайфияти тушкун, руҳан эзилган ҳолатда юрарди. Бир кун бели билан оёғи безовта қилса, эртаси куни ўнг биқини. Баъзида бутун баданлари зирқирарди. "Кексалик қурсин-да", дея у танасидаги ўзгаришларни қариликка йўйишга уринарди, холос.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими томонидан "Соғлом ҳаёт учун" дастурига танлаб олинган 12 та маҳаллалар орасида Поп туманидаги Уй­ғур маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳам борлиги Мавжуда опадек 40 дан ошган ўрта ёшлилар ва кексалар учун айни муддао бўлди. Чунки бу ерда аҳолининг саломатлик ҳолатини ўрганиш бўйича хонадон патронажи йўлга қўйилди. Патронаж ҳамширалар хонадонларга ташриф буюришиб, оила аъзоларининг антропометрияси (бўй узунлиги, вазни, бел айланаси, бўй-вазн индекси), артериал босими, пульс ва сатурациясини тез-тез ўлчаб боришди. Қолаверса, туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди.

Мавжуда опа ҳам терапевт Маъмура Мираҳмедовага танасидаги оғриқлардан "хасрат" қилди.

- Жуда камҳаракатсиз, аччиқ-чучук, шўр ва ёғли таомларни суйиб истеъмол қиласиз. Овқатни еб, ётиб оласиз. Меъёридан ортиқ истеъмол қилинган тузлар ҳисобига бир кун у ерингиз, бир кун бу ерингиз оғрийди. Буйрагингизга туз йиғилган, жигарингизни ёғ босган бўлиши мумкин. УТТ аппаратига тушсангиз, ҳолатингизга янада аниқлик киритамиз, - деди шифокор.

УТТ мутахассисининг ташхисидан опа янада ҳаяжонланди. Ўт қопи димланган, буйракда туз йиғилган, жигар атрофини ёғ босган...

Врач-терапевт керакли дори-дармонларни ёзиб берди. Шу билан бирга Мавжуда опага шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишса, эрталабки бадантарбия, юриш, жисмоний ҳаракат машқларини бажарса, саломатлиги тез орада мустаҳкамланиши мумкинлигини ҳам уқтирди.

- Ушбу қоидаларга нафақат ўзингиз, балки келинларингиз, набираларингиз билан биргаликда амал қилсангиз, оила иқтисодига анчагина фойда келтирган бўласиз. Чунки меъёридан ортиқ туз истеъмоли, кўзларингиз нурини камайтиради. Тоза ҳавода сайр этинг. Дориларга ружу қўйишдан кўра, оддий қоидаларга амал қилсангиз, руҳингиз янада тетиклашади.

Шифокорнинг сўзларида жон бордай кўринди. Патронаж қиз ҳам кунда, кун ора соғлом овқатланиш ҳақида гапириб, оила-аъзоларнинг соғлиги учун куйинарди. Биринчи куни Мавжуда опа ҳафсала билан машқ бажаролмади. Эртаси бомдоддан кейин ҳовлига чиқиб, бироз айланди. Сўнг кўчага йўл олди. Қўшниси Зебунисо опа ҳам у каби ҳаракат машқларини бажариш учун сайрга чиққан экан. Иккишилашиб кўча кезишди. Зебунисо опа таянч-ҳаракат аъзоларидаги хасталик туфайли бир ойдан буён юриш машқларини бажараётганини, бу орада дард анча чекинганлигини мамнуният билан сўзлади. Шу куни негадир Мавжуда опани оғриқ безовта қилмади. Кечгача руҳан тетик, кайфияти ҳам жойида бўлди. Уйқусизликдан қийналар эди, ўша тун осуда ором олди. Кейин юришни асло канда қилмади. Бир кун, икки, уч, бир ҳафта... У энди қўни-қўшнию, кайвони дугоналари билан сафини кенгайтирди. Айниқса набиралари ҳам бувисининг тонгги сайрида биргалашиб чиқадиган бўлишди. Энг муҳими, энди ҳеч қаери оғриб, безовта қилмаётганидан жуда-жуда хурсанд.

"Соғлом ҳаёт учун" дастурига танлаб олинган Уй­ғур МФЙнинг таҳлил натижалари билан танишадиган бўлсак, тарғибот ишлари, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларда ижобийлик мужассам. Бу ерда 4 нафар патронаж ҳамшира томонидан хонадонларга кирилиб, 350 нафар аҳоли антропометрия ўлчовлардан ўтказилган. Кўрилганларнинг 85 нафарида ортиқча вазн, 35 нафарида семизлик мавжудлиги аниқланган. 350 нафар аҳолининг скрининг текширувларида қуйидаги хавф омиллари юзаланган: Улардан 80 нафари кунлик мева-сабзавотларни кам истеъмол қилади. 185 нафари жисмоний фаол эмас, 80 нафари тузли, 70 нафари ёғли овқатларни хуш кўради. 24 нафари тамаки ва 18 нафари алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилади.

Шунингдек, юқумли бўлмаган касалликлар хавф омилларини аниқлаш мақсадида 40 ва ундан катта ёшдаги 129 нафар аҳолининг скрининг текширувлари ҳам ўтказилган. Унда 55 нафар аҳолида қон-томир касалликлари, 8 нафарида қандли диабет, 14 нафарида ўпка обструктив ва 52 нафарида бошқа касалликлар аниқланди. Уларга оила шифокори томонидан соғ­ломлаштириш ва даволаш ишлари олиб борилди.

Тиббий кўрикда касалликлар аниқлангани, ташхислаш ва даволаш ишлари олиб борилиб, беморга дори-дармоннинг ёзиб берилганлиги сўнгги босқич эмас. Энди бу ҳудудда хавф омиллари аниқланган шахсларни тумандаги аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ходимлари индивидуал назоратга олишди, улар билан бир ой давомида мақсадли тиббий профилактика ишларини олиб боришди. Аҳолининг барча қатламлари, ёшлар билан турли хил спорт мусобақаларини уюштиришган бўлса, кексалар учун "Эъзозли аёллар" ва "Фахрий нуроний" клублари ҳам ташкилланиб, таркибдаги отахон ва онахонлар маҳаллаларда эрталабки бадантарбия ва кечки сайр машғулотларини ўтказишгани қувонарли, албатта. "Саломатлик майдончаси", "Соғлом овқатланиш ярмаркалари" билан ҳам хонадонларга кириб борилди. Шунингдек, мактаблар, корхона ва ташкилотларда, одамлар гавжум жойларда, ҳатто бозорларда ҳам соғлом турмуш тарзи қоидалари тўғрисида маърузалар қилинди. Ойнинг якунида хавф омили аниқланган фуқароларни яна бир бор антропометрия ўлчовлардан ўтказилиб, мониторинг қилинди ва маҳалланинг "Саломатлик профили" яратилди.

- Ҳудуддаги тиббий тадбирларимизнинг ижобий натижасидан ўзимиз ҳам мамнун бўлдик, - дейди марказ ҳамшираси Гулноза Раҳимова. - Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, одамларда, айниқса кексаларда жисмоний ҳаракат фаоллиги ошган, соғлом ва тўғри овқатланишлар туфайли аҳолининг ва "Д" назоратида турувчиларнинг "103" чақирувларига эҳтиёж камайгани ҳам биз учун ғоят аҳамиятли.

Дарҳақиқат, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш ор­қали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси изчил таъминланяпти.

Бошқарманинг вилоят марказидан узоқ ва олис ҳудудларда аҳолининг тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича сайёр қабуллар режаси тузилган. Унда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бадантарбия машғулотларини кундалик турмуш тарзига айлантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом ва тўғри овқатланиш, ортиқча вазн ва семиз­ликни бартараф этиш, зарарли одатларга қарши курашиш каби эзгу мақсадлар мужассамланган.

- Энди беморлар шаҳар марказига эмас, марказ шифокорлари чекка ва олис ҳудуддагиларнинг ҳузурларига боришяпти, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими мутахассиси Дилором Маматхонова. - Ҳатто, тадбирларга вилоятдаги ихтисослашган марказларда фаолият юритаётган тиббиёт фанлари докторлари ва фан номзодлари ҳам қатнашаётгани аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда.

Тўғри, бу борада кўзланган мақсадларга бир ойда ёки битта чуқурлаштирилган тиббий кўрик орқали эриша олмаймиз. Такрор-такрор уюштирилган тарғибот-ташвиқот ишлари ўзининг ижобий ва самарали жиҳатлари билан фуқароларимизни ўз саломатликларига асло бефарқ бўлмасликка чорлайди. Бу эса оилаларнинг иқтисодий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Манзура ЭРГАШЕВА.