Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирлари изчил давом этмоқда. Наманган шаҳридаги 21 та эмлаш пунктларида вакцинациялашга киришилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур муҳим тиббий тадбирга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди.
Вакцинациялаш ишлари айниқса 14-оила поликлиникасида жадал бормоқда. Карнай-сурнай садолари эрталабданоқ барчани тиббиёт масканига чорлади. Тадбир олдидан бўлиб ўтган маросимда сўзга чиққанлар коронавирусга қарши курашда эмлашнинг аҳамияти юксаклигини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз бу муҳим жараённи муваффақиятли амалга ошириш борасида зарур чоралар кўрганлигини таъкидлашди.
Соат 10да янги амалиётга киришилди. Поликлиникага ташриф буюрган кексалар дастлаб шифокорлар кўригидан ўтишди. Саломатлиги қониқарли бўлган отахон ва онахонлар навбат билан эмлаш хонасига йўлланди. Вилоятда биринчиларда бўлиб, 87 ёшли Аҳмаджон ота Исмоилов ҳамшира томонидан юборилган вакцинани қабул қилди.
- Мен ўтган йили коронавирус инфекциясига чалиниб, 45 кун касаллик азоб-уқубатларини тортдим. Шифокорларнинг беминнат хизмати туфайли оёққа турдим. Бу касаллик ўта хавфли эканлигини бошимдан кечирдим. Яратганга шукурлар бўлсинки, коронавирусга қарши эмланадиган кунларга ҳам етдик. Шунинг учун вакциналаш бошланаётганлигини эшитиб, ўз ҳоҳишим билан поликлиникага келдим. Жуда ҳам хурсандман. Шифокорлар иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, кузатиб қўйишди. Энди хавотирга ўрин йўқ, - дейди нуроний.
Ташкилий ишлар самараси ўлароқ вакциналаш тадбирлари зўр уюшқоқлик билан давом этмоқда. Бош шифокор Нафиса Турсунқулованинг таъкидлашича, бугун 70 нафар хавф гуруҳидаги инсонлар эмлашдан ўтказилади.
Тиббий тадбир бориши мутахассислар томонидан қатъий назоратга олинган.
- Вакцинация жараёнлари Наманганда белгиланган тартиб-қоидалар асосида амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўлдик. Айниқса, фуқароларнинг фаоллиги тадбиролди тарғиботи изчил йўлга қўйилганлигини тасдиқлаб турибди, - дейди Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати марказий аппарати иммунопрофилактика бўлими мудири Люция Николаевна Ким.
Маълумки, тиббий тадбирнинг биринчи босқичида вилоятда 106 минг нафардан зиёд 65 ва ундан ортиқ ёшдаги кексаларни вакцинациялаш кўзда тутилган. Вилоятда 238 та эмлаш пунктлари ташкил этилган. 293 та эмлаш бригадаси ва 54 та мобил гуруҳлари иш олиб боради.
Абдулла ҒОЗИЕВ.