САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК ОСОЙИШТАЛИК ВА ЖАМОАТ САЛОМАТЛИГИ ВИЛОЯТ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ

МУҲАММАДСОЛИ ТЎРАБЕКОВНИНГ ВИЛОЯТ АҲЛИГА

М У Р О Ж А А Т И

Ассалому-алайкум, азиз юртдошлар! Қадр­ли Наманган аҳли!

Мана иккинчи йилдирки, Хитой давлатида пайдо бўлган коронавирус инфекцияси Ер юзига кенг тарқалиб, барчани, шу жумладан, Ўзбекистонимиз халқини ҳам қаттиқ синовдан ўтказмоқда. 2020 йилда кутилмаган, кўзга кўринмас бу офатнинг хуружи натижасида бутун олам саросимага тушди. Энг ривожланган АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Бразилия, Россия каби қатор мамлакатларда касалланиш ҳолати юқори бўлди. Қатъий карантинлар жорий этилди. Бу дунё иқтисодиётига катта зарар олиб келди. Одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш йўлида қанчадан-қанча фидойи эл фарзандлари, шифокорларимиз ва бошқа хизмат мутахассислари ҳаётларини бахшида қилдилар.

Оғир ва синовли кунларда Президентимиз, ҳукуматимиз бу балога қарши курашиш йўлида барча имкониятларни ишга солди. Пандемия оқибатларини енгиллаштиришга, халқимиз саломатлигини ишончли муҳофазалашга оид кескин, тезкор ва зарур чора-тадбирлар кўрилди. Хориждан зарур техника, тиббиёт ускуналари келтирилди. Малакали мутахассислар жалб этилди. Натижада 2020 йилнинг охирларига келиб кўнгилларга таскинлик берадиган натижаларга эришдик.

Халқимиз карантин шароитида яшади ва мураккаб вазиятларга қарамай бунёдкорлик ишларини давом эттирди. Қанчалар қийин ва оғир бўлмасин, карантинда яшаш ва ишлаш кўникмаси ҳосил қилинди.

Ҳурматли наманганликлар! Мен нима учун нафақат мамлакатимиз, балки дунё халқлари учун ҳам энг оғир синовларни кунларни эсладим. Минг бор афсуски, ҳали-ҳамон коронавирус инфекцияси деган балои азим жаҳонда кезиб юрибди. Яна ҳам аниқроғи, сиз билан бизнинг ҳаётимизга таҳдид солишда давом этмоқда.

Тўғри, куз ва қиш ойларида коронавирус бир оз камайгандек бўлди. Лекин дунёнинг кўплаб мамлакатларида вируснинг янги тўл­қини авж олди, унинг янада шиддатли ва тажовузкор штаммлари аниқланди. Европа мамлакатларидаги ташвишли ҳолатни изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Кўплаб давлатлар локдаун тартибларига дучор бўлди.

Муҳтарам Президентимиз куни кеча бўлиб ўтган аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида барчани огоҳликка ундаганлари ҳам бежиз эмас. Жумладан, мамлакатимиз раҳбари ўз сўзида бугунги вазиятга баҳо бериб:

- Жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич 160-180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бунинг сабаби - кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди, - деди.

Йиғилишда Бош вазирга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш, туну кун ишлайдиган "колл-марказ"лар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида уч ойлик захирасини шакллантириш, ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан узлуксиз таъминлаш вазифаси қў­йилди.

- Иқтисодиёт нуқтаи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз. Касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш керак, - деди куюнчаклик билан давлатимиз раҳбари.

Март ойига келиб ойлаб қайд қилинмаган салбий ҳолат - коронавирус инфекциясига чалиниш Наманганда ҳам кузатилди. Савол туғилади: нима учун?

Тан олишимиз керак, дунёда ҳамон эпидемиологик вазият мураккаблашаётганлигига қармай аксарият ҳамюртларимиз коронавирус пандемиясига беписанд муносабатда бўла бошладилар. Тўй ва бошқа маросимларда дабдабабозлик яна урфга айланди, чекловларга панжа орасидан қарай бошладик. Ижтимоий масофа сақлаш тартиби унутиб қўйилди.

Бугун бозор ва кўчаларда, жамоат транспортида, таълим муассасаларида, маданий-маърифий масканлардаги тартиббузарликлар кўпчиликда, шу жумладан, СЭО ва ЖСБ мутахассисларида ҳам хавотир уйғотмоқда. Республика, вилоят оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тарғибот ишларимизга қарамай одамлар ўртасида тиббий ниқоб тақиш мажбурий тартибига амал қилиш ҳолатларини қониқарли деб бўлмайди. Бу каби бефарқликлар мамлакатимиз, шу жумладан, вилоятимизда ҳам коронавирус инфекциясининг яна кенг тарқалиб кетишига асос бўлиши мумкинлигини наҳот тушуниб етмасак?!

Матбуот минбаридан туриб барчангизни янада огоҳ, ҳушёр, интизомли бўлишга чақирамиз. Коронавирус инфекцияси тарқалиши олдини олиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширилиши зарур, деб ҳисоблаймиз:

1. Барча жойларда ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш тадбирларини кучайтириш.

2. Зарурият бўлмаганда мамлакатимиз фуқароларига чет мамлакатларга чиқишни чеклаш. Четдан келганларни белгиланган муддатда назоратга олиш.

3. Вилоятимизга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан карантин давридаги чеклов чораларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш ва аниқланган қоидабузарликларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини давом эттириш.

4. Оммавий ва бошқа турли йиғин, тўй-маросим иштирокчилари сонини чегаралаган, оралиқ масофани сақлаган ҳолда ташкил этиш масалаларига қатъий риоя этмоғимиз шарт.

Азиз ҳамюртлар! Хабарингиз бор, мамлакатимизда ҳам 1 апрелдан вакцинациялаш тадбирлари бошланди. Бу барчамизни ўйлантираётган, оғир кунларни бошимизга солган касалликдан муҳофазаланишда муҳим аҳамиятга эга жараёндир.

Маълумки, тиббий тадбирнинг биринчи босқичида вилоятимиз бўйича 106 минг нафардан зиёд 65 ва ундан ортиқ ёшдаги кексаларни вакцинациялаш кўзда тутилган. Наманган вилояти бўйича 238 та эмлаш пунктлари ташкил этилган. 293 та эмлаш бригадаси ва 54 та мобил гуруҳлари иш олиб боради.

Айни кунларда аҳолини эмлаш тадбирлари амалдаги санитария-гигиена ва эпидемия­га қарши кураш қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда. Ишонамизки, бу жиддий жараёнлар ҳам муваффақиятли ниҳоясига етказилади.

Эл-юрт тақдирига ёзилган бу оғир синовлардан ҳам эсон-омон ўтиб олишимиз учун бир тан бир жон бўлиб ҳаракат қилайлик. Фақатгина карантин қоидаларига тўла амал қилиш, мутахассислар маслаҳатига қулоқ тутиш, ўз вақтида вакциналар билан эмланиш орқали коронавирус балосидан халос бўлишимиз мумкинлигини асло ёдингиздан чиқарманг.