Икки ойдирки, республикамиз ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари вакиллари тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича маҳаллий шифокорлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишган. Эндиликда вилоятимизда Тошкентдаги қатор илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиаллари очилмоқда.
Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида академик В.Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган хирургия ИАТМнинг жарроҳлик йўналишидаги, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация ИАТМнинг ревматология ва гастроэнтерология соҳасидаги филиаллари фаолиятини бошлади.
Шуниси аҳамиятлики, мазкур филиалларга жалб қилинган таниқли шифокор ва олимлар вилоятимизнинг ўзида наманганлик врачларнинг касбий маҳоратини ўстириш билан бирга Тошкентда олиб борилаётган мураккаб жарроҳлик амалиётларини Наманганда жорий этишга тараддуд кўрилмоқда.
Ўтган шанба куни дастлабки жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли якунланди. Марказнинг травматология-ортопедия бўлимида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг травматологи, тиббиёт фанлари номзоди Зафар Ҳолов томонидан икки нафар беморда юқори технолик ортопедик амалиёт бажарилди.
Бинобарин, шу ойнинг ўзида бир неча беморда буйрак кўчириш амалиётларини ўтказиш режалаштирилган. Мазкур жараён олдидан касалликка чалинган беморлар айни кунларда тиббий кўрикка чорланяпти. ВКТТМ жарроҳлик бўлимини мазкур мураккаб амалиётга тайёрлаш юзасидан маслаҳатлар бераётган академик В.Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг жарроҳ-транслантологи, тиббиёт фанлари номзоди Қодиржон Маҳмудов томонидан кўплаб беморлар саломатлигининг ҳолати ўрганиб чиқилмоқда.
Қайд этиш жоизки, тез орада вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида травматология ва ортопедия, нейрохирургия, урология ҳамда кўз микрохирургияси йўналишлари бўйича ҳам республика ИАТМларининг филиаллари очилади. Ушбу филиалларда юқори технологик амалиётларни ўтказишга зарур шароит яратиш учун энг замонавий тиббиёт асбоб-анжомлар ва аппаратуралар харид қилишга вилоят ҳокимлиги томонидан 7 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.