Энди наманганлик неврологлар пойтахтга малака мукаммаллаштириш учун боришлари шарт эмас, чунки шифокор-олимларнинг ўзлари уларнинг ҳузурларига касбий кўникма ва билимларини бойитиш учун келдилар.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг неврология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Бахтиёр Гафуров бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар маҳаллий ҳамкасблари учун "Маҳорат дарс"ларини бошлашди.

Оила шифокори амалиётида учрайдиган неврологик синдромлар мавзуи малака ошириш циклида тиббиёт фанлари доктори Бахтиёр Гафуров, кафедра профессори, тиббиёт фанлари доктори Нигора Алиқулова, кафедра доцентлари, тиббиёт фанлари номзоди Раъно Абдужамилова, тиббиёт фанлари доктори Жанна Назарова, тиббиёт фанлари номзодлари Зиёда Маҳмудова ва Дилфуза Зуҳритдиноваларнинг маърузалари тингланди. Улар вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган неврологлар, оила шифокорлари ва барча клиник мутахассислар иштирокидаги ўқув жараёнларида бош мия инсульт­ларининг профилактикаси ва касалликни даволашнинг замонавий усуллари ҳақида керакли маълумотлар бердилар.

"Маҳорат дарс"лари нафақат семинар тарзида, балки амалий жараёнлар билан ҳам боғланди. Олим - шифокорлар марказнинг неврология бўлимида даволанаётган беморларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказишди, тавсиялар беришди.

- Юртимизнинг чекка ва олис ҳудудларида ҳам аҳолига юқори малакали неврологик хизматни йўлга қўйиш, маҳаллий мутахассисларимизнинг даражасини кўтариш, уларга мақсадли ва манзилли ёрдам кўрсатиш бизнинг олдимизга қўйган вазифаларимиздан биридир, - дейди тиббиёт фанлари доктори Н. Алиқулова. - Биз мутахассисларимизга кўмак бериш учун келдик. Фақатгина вилоят марказида эмас, эртадан Чортоқ туманидаги оила поликлиникаси ва оила шифокорлик пунктларида фаолиятимизни давом эттирамиз.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар РШТЁИМ Наманган филиалида бўлишди. Профессор Бахтиёр Гафурович неврореанимация бўлимида даволанаётган беморлар Нодира Омонова ва Абдулло Алихоновларнинг касаллик тарихлари билан обдон танишди. Уларнинг айни дамдаги ҳолатини кўздан кечириб, беморларни фаол ҳаётга қайтариш учун қимматли маслаҳатларини берди. Шунингдек, неврология бўлимидаги беморлар Мадина Хайдарова, Мухтор Аломиддинов, Рохатхон Атамирзаевалар ҳам фан докторининг тиббий кўригидан ўтдилар.

- Муҳтарам Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан бугун чекка-чекка ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган шифокорларга ҳам юксак эътибор берилмоқда. Илгарилари мутахассисларимиз ойлаб пой­тахт­га малака оширгани боришар, бу эса ноқулайлик туғдирар, ортиқча сарф-харажатга сабаб бўлар эди. Бугун эса унинг тамоман акси бўляпти. Шифокор ўз ўрнида ўтириб, беморини қабул қиляпти. Пойтахтлик етук мутахассисларнинг ўзлари Наманганга келиб уларга сабоқ беришяпти. Бу жуда қулай имкониятдир, - дейди ВССБ штатсиз бош неврологи Бахтиёр Ёқубов.

Албатта, ҳаёт давомида асабийлик, стресс ҳолатларига дуч келмасликнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам ҳозирда асаб тизими ҳасталиклари бирмунча орт­ганлиги ҳам барчага маълум. Ўйлаймизки, жорий этилаётган янгилик ўзининг ижобий натижасини беради.

Манзура ЭРГАШЕВА.