Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармасида "Тиббиётнинг бирламчи тизимини такомиллаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини кенг тарғиб этиш" мавзусида мат­буот анжумани ўтказилди. Унда республика ва вилоят ОАВлари вакиллари иштирок этишди. Тадбирни бош­қарма Ахборот хизмати раҳбари Абдулла Ғозиев олиб борди.

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров ва бош мутахассис Ойбек Турдиматовлар кун тартибидаги масала юзасидан маърузалар билан чиқдилар. Таъкидландики, жорий йил вилоятимиз тиббиёти тараққиётида ҳам ўзига хос босқич бўлиши шубҳасиз. "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" Давлат дастури ижросини таъминлаш борасидаги интилишлар қамрови кенгдир.

Аввало бутун куч ва имкониятлар соғ­лиқни сақлашнинг бирламчи тизими ишини янги ва юқори даражага кўтаришга қаратилмоқда. Яъни, "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110-сонли Фармон ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, аҳолини саломатлик гуруҳларига ажратиш, сурункали касалликлари мавжуд беморларни соғломлаштириш тадбирлари олиб борилмоқда. Маълумот ўрнида: вилоятимизда оилавий шифокорлик пунктлари сони 75 та, оилавий поликлиникалар сони 76 та, кўп тармоқли марказий поликлиникалар сони 12 та, вилоят шифохоналари 32 та. Антропометрик ўлчов ва тиббий хатлов жараёнлари айни пайтда бутун вилоятни қамраб олган.Унинг якунида эса аҳолининг касалланиш ва саломатлик кўрсаткичлари янада ойдинлашмоқда.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинида "Маҳаллабай" ёндашув тизими жорий этилган. Мавжуд 775 та МФЙда "Маҳалла тиббиёт гуруҳлари" шакллантирилди. "Маҳалла тиббиёт гуруҳлари" раҳбари этиб 775 нафар оила шифокори тайинланган. 3481 нафар патронаж ҳамшираси маҳаллаларга сафарбар этилган. Ҳозирда аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари маълумотларни Hatlov.uz дастурига киритиш ишлари якунига етказилмоқда

Тиббиётнинг бирламчи тизимини такомиллаштириш билан бирга аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғ­лом овқатланиш маданиятини кенг тар­ғиб қилишга ҳам устувор аҳамият берилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги "Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4887 сонли Қарори қабул қилинган. Мазкур қарор ижросини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар давомида соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланиш маданияти ва жисмоний фаолликни кучайтириш борасидаги ишлар янада жадаллашди.

Юқумли бўлмаган касалликлардан "Қандли диабет" кун сайин ошиб бормоқда. Бунинг сабаби нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик оқибатида келиб чиқадиган семизликдир. Вилоятда диабетиклар ошхонасини ташкил этиш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.

Февраль "Соғлом ҳаётга қадам ташла!" ойлиги деб номланди. "Тўғри овқатланиш ҳафталиги", "Жисмоний фаоллик ҳафталиги ", "Зарарли одатларга қарши курашиш ҳафталиги", "Шахсий гигиена ҳафталиги" доирасида тиббий тадбирлар ўтказилди.

Март "Инфарктга қарши кураш" ойлиги деб белгиланди. Шунга асосан "Стрессга қарши кураш ҳафталиги", "Туз ва шакарни чеклаш ҳафталиги", "Гиподинамияга қарши курашиш ҳафталиги", "Трансёғларнинг зарарли таъсирига йўл қўймаслик" ҳафталиклари аҳоли эътиборини тортди.

Бинобарин, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида улар учун соғломлаштириш, спорт, фитнес клублари ва рақс тўгараклари, шу жумладан, гўзаллик салонлари сонини кўпайтиришни назарда тутувчи манзилли режалар ишлаб чиқилди.

Матбуот анжуманида журналистлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга доир кўплаб саволларга мутахассислардан тўлақонли жавоблар олишди.