Вилоятимиз тиббиётининг жарроҳлик соҳаси қон-томир хирургияси йўналишида жаҳон андозасидаги яна бир муҳим амалиёт муваффақиятли йўлга қўйилди.

"Ангиомед" даволаш ва диагностика масканида Aкадемик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази олий тоифали қон-томир хирурги, флеболог, тиббиёт фанлари номзоди Фарҳод Умаров ва Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Наманган филиали қон-томир жарроҳи Аҳмаджон Болтаевлар томонидан варикоз касаллигини лазер ёрдамида бартараф этиш амалиёти илк бор амалга оширилди.

Клиника бош шифокори, олий тоифали нефролог Мавжуда Убайдуллаеванинг таъкидлашича, нафақат Наманган вилоятидан, балки қўшни вилоятлардан ташриф буюрган 11 нафар беморни безовта қилаётган варикозга лазер ёрдамида "ишлов" берилди.

Учқўрғон, Уйчи ва Тўрақўрғон туманларидан келган 3 нафар кам таъминланган оилада яшовчи беморда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида чегирма асосида амалиёт ўтказилди.

- Вилоятда биринчи марта лазер ёрдамида олиб борилган жарроҳлик амалиёти ижобий самарасини кўрсатди. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, амалиёт оғриқсиз, чандиқларсиз кечганлигидан ташқари асоратсизлиги туфайли беморлар шу куниёқ оиласи бағрига қайтди. Изланишларимиз давом этади. Наманган вилоятида тиббий туризимни ривожлантириш ҳамда халқимизга ёрдам бериш учун пойтахтда ва хорижда бажарилаётган бошқа кам инвазив ва мураккаб бўлган амалиётларни вилоятда амалга оширишга ҳаракат қилинмоқда,-дейди Амаджон Болтаев.

Севара ҒОЗИЕВА.