Шу йилнинг 1 апрель куни муҳтарам Президентимиз аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида "Республика ихтисослашган марказларнинг вертикал иш тизимини такомиллаштириб, уларни оилавий шифокор пунктлари билан боғлаш зарур"... "Бу борада Наманган тажрибасини кенгайтириб, барча беморларни пойтахтга юбормасдан, уларга яшаш жойида ихтисослашган тиббий ёрдам олиш имкониятини яратиш кераклигини" алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Айни кунларда вилоятда бу борада изчил ишлар олиб бориляпти. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига РШТЁИМнинг жарроҳлик ва трансплантология бўлими ҳамда Тиббий ходимлар касбий малакасини ривожлантириш маркази шошилинч тиббий ёрдам кафедрасининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларидан иборат етук мутахассислар ташриф буюрди. Дастлаб, улар филиалда шаҳар ва туманлардан таклиф қилинган шошилинч тиббий ёрдам бўлими жарроҳлари учун касбий малака оширишга бағишланган сайёр цикл ўқув машғулотлари ташкиллашди. Бир пайт­нинг ўзида эса назарий ва амалий билимлар уйғунлаштирилди. Чунончи, шошилинч жарроҳликка муҳтож беморларга ёрдам кўрсатишнинг долзарб вазифалари хусусидаги мазкур семинарнинг энг аҳамиятли томони шунда бўлдики, муассасада ана шундай беморлар саралаб олиниб, пойтахтлик ва маҳаллий шифокорлар биргаликда жарроҳлик амалиётларига киришишди.

РШТЁИМнинг шошилинч жарроҳлик ва трансплантология бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, ТХКМРМ шошилинч тиббий ёрдам кафедраси профессори Фарҳод Хаджибаев, РШТЁИМ бош врач ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Дилмурод Пўлатов, жарроҳлик трансплантологияси бўлими бошлиғи Дилшод Эргашев, анестезиолог-реаниматолог Фарҳод Сия­баев, операция блоги бош ҳамшираси Лилия Раҳимова ҳамда ТХКМРМ доценти Равшан Мадиев, мазкур муассаса реанимация блоги бошлиғи Бекзод Акиловлар "Маҳорат дарс"ларида илмий амалий ёрдам кўрсатишиб, янгиқўр­ғонлик Дилором Азимовада "Қорин олди девори вентрал чурраси билан аллапластика", Наманган шаҳрида яшовчи Эъзоза Бурхоновада эса "Лапаратом холе­цистэктомия" сингари мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажаришди. Дардманд аёлларни ҳасталикдан халос этишди.

-  Вилоятнинг чекка ва олис туманларида ҳам тиббий кўрикларни ўтказишни режалаштирганмиз, - дейди тиббиёт фанлари доктори Фарҳод Абдуҳакимович. - Айниқса "Темир дафтар" ҳамда "Аёллар дафтари"га киритилган кам таъминланган, эҳтиёжманд беморларнинг хонадонларига бориб, тиббий текширувлардан ўтказамиз. Зарур ҳолатларда, эса режали ва шошилинч операцияларни бажарамиз.

Албатта, энди наманганлик беморларнинг пойтахтга бориб овора бўлишларига асло ҳожати қолмади. Энг ноёб турдаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоят марказида, қолаверса туманларда ҳам ташкилланяптики, бунда пойтахтдаги ихтисослашган марказлар вакилларининг амалий ёрдамлари қўл келаётир. Ҳамкорлик ижобий самараларини бериш билан бирга беморларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда тиббий ходимлар касбий малакасини ривожлантириш маркази шошилинч тиббий ёрдам кафедраси ўқитувчилари бир ой давомида вилоятнинг барча туманларида сайёр цикл ўқув машғулотларини олиб борадилар. Олисда яшовчи беморларда ноёб турдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Тажриба алмашинади, малакалар мукаммаллаштирилади. Энди Наманганда нафақат беморлар, балки мутахассисларимиз пойтахтга бориб вақт йўқотишмайди.

Манзура ЭРГАШЕВА.