Наманганда Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор университети бошқарув раиси Авайс Рауф бошчилигидаги делегация аъзолари билан расмий учрашув бўлиб ўтди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов амалий мулоқотда Наманган ва Панжоб вилоятлари ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, таълим ва тиббиёт соҳаларида амалга ошириладиган янги лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини баён қилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида асосий хорижий шериклардан ҳисобланган Покистон билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтирилиши таъкидланди.

Жорий йилнинг 7-8 февраль кунлари Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар бошчилигидаги расмий доира ва йирик сармоядорлардан иборат Покистон делегацияси, 2019 йилда эришилган Лаҳор ва Наманган шаҳарларининг ўзаро келишувининг мантиқий давоми сифатида Наманганга ташриф буюрган эди. Покистонликларнинг мазкур амалий сафари чоғида Наманган вилояти ҳокимлиги ва Панжоб провинцияси ҳукумати ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва туризм соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳамда минтақалараро ҳамкорликнинг амалий аҳамияти ва салоҳиятини инобатга олганда ҳолда "Биродарлашган ҳудудлар" келишуви имзоланди.

Маълумот ўрнида, Панжоб провинцияси ҳудудида жойлашган Лаҳор университети Покистондаги энг йирик нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланиб, унда 45 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олади. Айни пайтда бу билим масканида 42 та кафедра фаолият юритади.

- Биз покистонлик тадбиркорларни Наманганда ўз бизнесини йўлга қўйишга бўлган иштиёқларидан беҳад мамнун бўлдик, - деди вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов. - Лаҳор университети билан ҳамкорликда тиббиёт университети ва тиббий диагностика маркази очилиши ҳамкорлигимизнинг амалий дебочаси бўлади. Вилоят ҳокимлигида ўтказилган учрашув якунида эса айни шу йўналишда шарт­нома имзолашга келишиб олдик.

Меҳмонлар амалий мулоқотдан сўнг Наманган шаҳридаги "Уч фаввора" хиёбонида Покистон Ислом Республикасининг давлат байроғи ўрнатилган "Биродар шаҳарлар" монументини кўздан кечирди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.

ЎзА.