Тошкент шаҳридаги "HAYATT" меҳмонхонаси конференциялар залида Украина давлатининг Юқори инновацион тиббиёт маркази олимлари иштирокида "Эндокринология ва метаболик синдромининг долзарб муаммолари"га бағишлаб анжуман ўтказилди.

Конференцияда Тошкент тиббиёт академияси, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг профессор ва врачлари ҳамда Наманган вилоят эндокринология маркази вакиллари қатнашди. Украина давлатидан эса юқори ихтисослаштирилган инновацион тиббиёт маркази директори, профессор Иван Михайлович Тодуров, ортиқча вазн ва метаболик синдром хирургияси профессори Надежда Николаевна Жердова иштирок этишди.

Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил январь ойида ушбу Марказ билан вилоят эндокринология диспансери ўртасида "Меморандум" имзоланган эди. Ўзаро суҳбат чоғида ушбу шартномага асосан, жорий йил июнь ойидан бошлаб Наманган вилоятининг бир гуруҳ мутахассислари (хирург, эндокринолог, гинеколог, уролог, травматолог ва бошқалар) Юқори инновацион тиббиёт марказига ташриф буюриб, ўз мутахассисликлари бўйича бир ой давомида малакаларини оширадилар.Йил давомида вилоятимизнинг 40 нафар шифокорининг Украинага юборилиши ҳақида келишиб олинди.

Бундан ташқари, шу йил Украина давлатидан бир қатор юқори малакали мутахассислар Наманганга келишади. Меҳмонлар вилоятимиз шифоколари билан биргаликда қатор ноёб, мураккаб операциялар бажариши ҳам режалаштирилди.

-           2021 йил давомида вилоятимизда хориж етакчи клиникалари мутахассислари иштирокида "Қанд­ли диабет ва семизликни хирургик даволаш", "Қандли диабетни замонавий даволашга янгича ёндашиш" мавзуларига бағишлаб халқаро конференция ўтказилиши ҳам кўзда тутилмоқда, - дейди вилоят эндокринология диспансери бош шифокори,тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов.