Наманганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Носирбек Абдуллахановнинг ташаббуси билан илк маротаба урология соҳасидаги ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Вилоят марказида жойлашган "ANAMED" диагностика марказида россиялик таниқли шифокор, Илья Мечников номидаги Шимолий-ғарбий давлат тиббиёт университети масофавий литотрипсия кафедраси мудири, Санкт-Петербург шаҳридаги Александровская шифохонаси урология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Олег Бурлака наманганлик ҳамкасблари билан бирга лазер ёрдамида простата аденомаси тугунчаларини тиғсиз ажратиб олиш жараёнини амалга оширди.

Авваллари мазкур йўналишдаги жарроҳликдан сўнг бемор уч кун давомида тўшакка михланиб ётишга мажбур бўларди. Фарғона водийсида илк бор Наманганда киришилган бундай тиғсиз амалиётдан кейин бемор бир кунда соға­йиб уйга қайтади.

Маълумот ўрнида, Олег Бурлака простата аденомасини минимал инвазив даволаш бўйича таниқли мутахассис ҳисобланиб, 20 йиллик иш тажрибасига эга. Оғриқли си­йиш ва пастки қоринда оғриқлар шикояти бўлган беморлар билан ишлайди. У Европа урология ассоциа­цияси ва Россия урология жамиятининг аъзосидир.

Қайд этиш жоиз, мамлакатимиз тиббиёт соҳасига хусусий секторга кенг ўрин берилиши натижасида "ANAMED" диагностика марказида ҳам сўнгги йилларда дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи клиникаларининг тажрибали шифокорлари билан изчил ҳамкорлик ўрнатилиб, кўплаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинмоқда. Бунинг натижасида аксар ҳамюртларимизни хасталикка даво излаб ва катта пул сарфлаб, хориж давлатларига боришларига ҳожат қолмади. Эндиликда чет эл клиникаларида амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётлари ўзимизда бажарилмоқда.

- Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан бирга жиддий урологик жарроҳлик амалиётини жаҳон тиббиётидаги сўнгги тажрибаларга таянган ҳолда ўтказдик, - дейди россиялик шифокор Олег Бурлака. - Жараён гарчи мураккаб бўлса-да, Наманганда яратилган қулай шароитлар туфайли муваффақиятли адо этдик. 60 ёшдан ошган тўрт нафар беморда ҳаётга бўлган ишонч ва хурсандчилик уйғотганимиздан мамнунмиз. Тўғриси, замонавий шарт-шароитлар ва дунё стандартларига тўла жавоб берувчи жиҳозлар эътиборимни тортди. Наманган вилоятида юқори салоҳиятга эга хусусий тиббиёт тизимида бундай муҳитдаги иш назарий ва амалий ҳамкорлигимизни келгусида ҳам давом эттиришга ишонч пайдо қилади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

ЎзА.