Ва ниҳоят барчамиз орзиқиб кутган фурсат етди. Вилоятимизга коронавирусга қарши эмлаш учун вакцинанинг дастлабки туркуми олиб келинди. Бугун-эрта Буюк Британия ва Ҳиндистон ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган 48 минг доза Ковишилд вакцинаси билан эмлаш бошланади. Шу муносабат билан Наманган шаҳридаги 14-оила поликлиникасида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишларини ташкиллаш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров вакцинациялаш тадбирларига вилоятда кўрилаётган тараддуд ва уни амалга ошириш билан боғлиқ долзарб вазифалар хусусида тўхталиб ўтди. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шокиржон Ҳайдаров, 14-оила поликлиникаси мудири Нафиса Тўрсунқуловалар ҳам муҳим тиббий тадбир олдидан қилинган ишлар ҳақида ахборот беришди. Наманган шаҳар бош иммунологи Маҳмуджон Қодирхўжаев ҳамда СЭО ва ЖСБ иммунопрофилактика бўлими мудири Шерзод Латифжоновлар вакцина билан эмлаш қандай амалга оширилиши, кимлар биринчи навбатда эмланиши ва вакцинациялашнинг оммавий ташкиллаш босқичлари ҳақида батафсил тушунча беришди.

Кўргазмали семинар давомида иштирокчиларга эмланувчи кишиларни врач кўригидан ўтказиш, эмлаш ва кузатув залида саломатлигини назорат қилиш билан боғлиқ жараёнлар амалий тарзда кўрсатиб берилди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга мутахассислардан тўлақонли жавоблар олишди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, вилоятимизда ғоят муҳим тиббий тадбирни сифатли ўтказиш учун 238 та эмлаш пунктлари тайёрлаб қўйилган. 293 та эмлаш бригадаси ва 54 та мобиль гуруҳ хизматга шай бўлиб турибди. Уларга сафарбар этилган тиббиёт ходимлари зарур малакага эгадирлар. Илк босқичда хавф гуруҳида турувчи, emlash.uz сайти рўйхатига киритилган 106 минг нафардан зиёд 65 ва ундан юқори ёшдаги отахон ҳамда онахонлар эмланади.