Сил юқумли касаллик, уни сил бактериялари юзага келтиради. У инсон танасининг барча аъзоларини, кўпроқ ўпкани зарарлайди. У касалланган одамдан гаплашганда, йўталганда аксирганда ҳаво-томчи йўллари орқали юқади. Сил бактериялари ҳавода узоқ вақт сақланиши мумкин.

Касаллик асосан иммунитети паст инсонларда кузатилади. У наслдан насл­га ўтмайди. 2 ҳафтадан ортиқ давом этган йўтал, балғам ажратиш, бироз иситма кўтарилиши, тунги терлаш, ҳолсизланиш, иштаҳа сусайиши, вазн йўқотиш, кўкрак қафасда оғриқ, қон туфлаш каби белгилар кузатилганда яшаш ёки ўқиш ва иш жойидаги тиббиёт муассасасига учраш зарур. Касаллик бедаво эмас, ўз вақтида шифокорга қилинган мурожаат, тўлиқ даволаниш курси ва бошқалар хасталикнинг тезроқ чекинишига муҳим омил бўлади.

24 март - "Бутунжаҳон силга қарши кураш куни" муносабати билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази ҳамкорлигида кўргазмали ўқув семинари ташкилланди.

"Силга чалинган беморларда Covid-19 нинг кечиши, диагностикаси, даволашнинг замонавий принциплари ва касалликнинг олдини олиш" мавзуидаги тадбирга марказ фтизиатрлари, шаҳар ва туманлар оилавий поликлиникаларининг фтизиатр ва оила шифокорлари, врач-рентгенолог ва лабо­рант­лари таклиф қилинди.

Ўқув-семинарни миллий палата вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ирода Мусаева кириш сўзи билан очди ва кун тартиби билан барчани таништирди.

Марказ директори Иқболжон Воситов сўзга чиқиб, бугунги сананинг ғоят муҳим аҳамияти ҳақида гапирар экан, вилоятимизда касалликка қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишларда соҳа ходимларининг фидойиликларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, марказ бўлим мудири Ривожиддин Мингбоев "Сил касаллиги ва унинг турлари, силга чалинган беморларда Covid-19 инфекциясининг кечиши ва асоратлари", фтиза-пульмонолог Усубжон Каримов "Сил ва Covid инфекцияси диагностикаси ва даволашнинг замонавий принциплари", миллий палата вилоят ҳудудий бўлинмаси бўлим мудири Муҳаббат Дадабоева "Касалликнинг олдини олишда фтизиатр ва оила шифокорларининг вазифалари" ҳақида маъруза қилдилар.Семинар баҳс ва мунозараларга бой кечди. Қатнашувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга керакли жавоблар олишди.

Бошқарма фаесида марказ ходимлари томонидан ташкилланган кўргазма эса семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Манзура ЭРГАШЕВА.