Коронавирус инфекцияси инсоният бошига не-не балолар ёғдирганлиги ҳақида тасаввурга эга бўлмаган одам йўқ бўлса керак. Чунки, Covid-19 жаҳон аҳлини ташвишга сола бошлаганига ҳам анча бўлди. Касалликнинг янгича, яъни "британча" штамми қанчалар хатарли эканлиги ҳақида ҳам мунтазам огоҳлантирилмоқда. Бу офатдан сақланиш, эҳтиёт бўлиш ҳақида ОАВларда тушунча берилмаган куннинг ўзи йўқ.

Таассуфлар бўлсинки, юртимизда бу касаллик қайтадан қайд этила бошланди. Кечанинг ўзида мамлакатимизда 196 киши коронавирус инфекциясини юқтириб олганлиги ҳақида хабар тарқалди. Ғоят ташвишлиси, Наманган вилоятида ҳам Covid-19га чалинганлар сони тобора ўсиб бормоқда. Тўғри, касаллик оммавий равишда ёйилиб кетишининг олдини олишга қаратилган кескин чоралар кўриляпти. Аммо, айрим юртдошларимизнинг бепарволиги, тегишли тартиб-қоидаларни менсимаслиги, эҳтиёткорликни унутиб қўяётганликлари хавф ўчоқлари вужудга келишига омил бўляпти.

Гўёки, пандемия бўлмагандек, карантин тартиблари ёддан чиққандек ҳис этишмоқда одамлар. Асло бундай эмас. Хавф-хатар ёнимизда юрибди. Кимнингдир ўзи ва яқинлари соғлиғига масъулиятсизлик билан муносабатда бўлаётганлиги вируснинг "урчиши"га имкон беряпти. Яъни, тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилаётганлигига қарамай кўча ва бозорларда, одамлар гавжум тўпланадиган жойларда ижтимоий масофа сақлаш муҳимлиги, айниқса, тиббий ниқоб тақиб юриш қатъий­лигини эсдан чиқарганлар учраб турибди. Санитария-гигиена талабларига риоя этиш зарурият эканлиги ҳам баъзан унутилмоқда.

Азиз ҳамюртлар! Коронавирус балосидан сақланиш барчанинг ғоят муҳим вазифаси эканлигини унутманг!

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси

ахборот хизмати.