Жорий йилда азиз ва мўътабар Ўзбекистонимиз давлат мустақиллигининг шонли ўттиз йиллиги нишонланади. Тарихан қисқа, аммо моҳиятан буюк ўзгаришлар шоҳиди бўлдик шу давр мобайнида. Дарҳақиқат, республикамиз суверен давлат сифатида жаҳонда ўз нуфузига эга бўлди. Халқ турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий равнақ топтириш борасида мисли кўрилмаган хайрли ишлар қилинганлигидан барчамиз бохабармиз.

Босиб ўтилган йўлга назар солинса, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, кейинги беш йилликда жонажон мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичида жадал илдамлаётганлиги яққол кўринади. Айниқса, халқ бахту саодати учун амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар кўлами беҳад эканлигидан фахрланса арзийди. Юртдошларимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш, инсон манфаатларини таъминлаш устувор вазифага айланган.

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган улкан ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари белгилаб берилди. Бу дастурларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, юртимиз қишлоқлари ва маҳаллалари ривожланмас экан, республикамиз юксалиши суръатлари авж олишини тасаввур этиш қийин. Зеро, меҳнаткаш хал­қимиз яшайдиган ҳудудларни комплекс ривожлантирмасдан туриб, фаровонликка эришиб бўлмайди.

Ведеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилдики, қишлоқ ва маҳаллаларимизни тубдан обод қилишга мутлақо бошқача қараш ва интилишлар кўз ўнгимиздан ўтди.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ ва шаҳарларда 188 та маҳалла мавжуд. 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволдалиги, қишлоқларга инфратузилмани олиб бориш масаласи алоҳида кўриб чиқилди.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари аҳоли талабларидан келиб чиқиб янги ёндашувлар асосида шакллантирилиб, бу йил мазкур дастурлар доирасидаги ишларга жами 21 триллион сўм йўналтирилиши қайд этилди. Бу ўз нав­батида 8 мингта маҳаллаларда бажарилиши лозим бўлган йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликни ривожлантиришга ўзининг улкан ҳиссасини қўшади.

Бундан буён "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилайди. Туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади.

Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлайди. Қурилиш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлади.

Шу тартиб асосида, жорий йилги дастурга киритиладиган маҳалла ва қишлоқлар, уларда тадбиркорликни ривожлантиришга оид масалалар ўтган ҳафтада барча туман ва шаҳар кенгашларида белгилаб олинди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликларига ўн кун муддатда дастурга киритилган барча қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.

Ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Уларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилади.

Электр таъминотини яхшилаш долзарб эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу боис, 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторни янгилаш белгиланмоқда. Бу юртимиздаги маҳаллаларнинг 60 фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга, "Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 21 та туман, 60 та қишлоқда 485 миллиард сўмлик лойиҳалар бошланади.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, элимиз манфаатлари йўлидаги бу хайрли ишлар жорий йилнинг 1 ноябргача тугалланиши қатъий вазифа қилиб қўйилди. Ажратилган маблағлардан ўринли ва самарали фойдаланиш назорати кучайтирилади.

Хуллас, 2021 йил қишлоқ ва маҳаллаларимизни янада тараққий эттиришда муҳим давр бўлади. Юртдошларимиз ҳаёт тарзини, турмуш фаровонлигини юксалтириш сари ғоят улуғвор ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Биз, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ушбу эзгу мақсадлар рўёбини таъминлаш, белгиланган Дастурлар ижроси тўла-тўкис ҳаётда ўз ифодасини топишига эришиш учун баҳоли қудрат ҳаракат қиламиз. Бу қутлуғ ният ва режалар ҳар бир халқ ноибининг дилидан ўтаяпти, десам муболаға қилмаган бўламан.

Солижон МЎМИНОВ,

халқ депутатлари вилоят ва Наманган шаҳар Кенгашлари депутати.