Инсон - иссиқ жон. Ташқи таъсирлар ва турмуш тарзининг яхши йўлга қўйилмагани эса, унинг танасидаги меъёрий мувозанатни бузади. Бу - саломатлигига путур етишини англатади. Агар соғлом одамгина фаол ҳаёт кечириши мумкинлигини назарда тутсак, бу борада тиббиётнинг ўрни, тараққиёти бағоят муҳимдан - муҳим. Инчунин, соғлом халқ - қудратли халқ. Қудратли халқ буюк давлатнинг, кучли давлатнинг ижодкори ва бунёдкори мақомига кўтарила олади. Ўзбекистон халқи худди шундай жараённи бошидан кечирмоқда. Сўнгги тўрт йилдан зиёдроқ вақт давомида рўёбга чиқарилаётган ҳайратона ўзгаришларда элу юртимизнинг беқиёс куч-қудрати намоён эмасми?! Ислоҳотларнинг кенг қамрови, инсон манфаатларига йўналтирилгани халқимизнинг давлатимиздан розилигини таъминламаяптими?! Барча соҳадаги янгиланишу юксалишларимиз оламшумуллик касб этмаяптими?! Таъкидларимиз кўнглимизга ғурур бағишлайди. Ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиш ҳиссини жўш урдиради, янада баланд марралар сари интилиш истагини барқарору бардавом тутади.
Тараққиёт - милёнларнинг заҳмати, милёнларнинг меҳнати, милёнларнинг ғайрат-шижоати натижаси экан, ана шу милёнларнинг соғу - саломатлигини сақлаш давлатимизнинг долзарб сиёсати ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев кеча-кундуз мамлакатнинг бугуни ва эртаси ташвишини чекиб, нақадар улкан ва нақадар залворли ислоҳотларни амалга ошириш учун кечиктириб бўлмас вазифалар юзасидан зарур қарор ва фармонлар қабул қилмоқда. Чунончи, 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 6110 - сонли Фармон юртимизда яшовчи ҳар бир хонадондаги оила учун айни муддао бўлди, дейишга тўла ҳақлимиз. Унда: "Аҳолига бирламчи тиббий - санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш" кўзда тутилган. Айни маҳалда Президент Фармони - ҳаётда ва назоратда. Ислоҳотлар доирасида белгиланган режалар натижа касб этиши кафолатли.
Фармонга мувофиқ жорий йилнинг 1 январидан қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти, қишлоқ ва шаҳар поликлиникаси оилавий поликлиника дея номланмоқда. Аслида энди бу тиббий муассасалар чинакамига исми жисмига мослик мақомига эришади. Яъни, ҳар бир оила ўз шифокорига эга бўлади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амирулло Иноятов Наманганга ташрифида алоҳида тилга олганидай «Энди шифокорлар хонадонларнинг аъзосига айланишади». Анъанавий ҳолатнинг акси жорий қилинмоқда. Авваллари бемор шифокор ҳузурига бориб, ўзини кўрсатиб юрган бўлса, бундан буёғига врачлар, ҳамширалар одамларнинг ҳовлилари остонасини ҳатлаб, улардан вақти-вақти билан хабар олишади. Тиббий кўрикдан ўтказиб боришади. Соғлом турмуш тарзига тааллуқли талабларнинг мазмун-моҳиятини, фойдасини тушунтириб ўтишади. Уларнинг ҳеч бир ташрифи бесамар кетмайди. Оиладаги ота-оналару фарзандларгача, бобо - момолару набираларгача ўз саломатликлари тўғрисида мутахассисдан маълумотлар олишади, маслаҳатларига қулоқ тутишади, зарур ҳолатда уларга даволаш-профилактика муассасаларига қатнаб ёки ётиб даволаниш бўйича йўл-йўриқ ва йўлланмалар бериб борилади.
Давлатимиз ва шифокорларимиз сиз билан бизнинг соғлигимиз ҳақида шу қадар қайғураётган экан, бундай меҳрибонлик ва ғамхўрликка муносиб яшашимиз шарт. Зеро, ҳар биримизнинг оиламизда уч авлод вакиллари: кексалар, ўрта ёшдагилар ва болалар яшашади. Ватанимизнинг бугуни ва эртаси учун куч-қуввату умрини бағишлайдиганлар улар эмасми. Мен соғ бўлсам, сен соғ бўлсанг, у соғ бўлса - ҳамма соғ бўлади. Ҳамма бу - аҳоли, эл, халқ дегани. Ўзбекистонимиз соғлом халқли мамлакатга айланиши учун фақат тиббиётчиларгина эмас, барча фуқароларнинг ўзлари ҳам қайғуришлари, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиб, жисмоний фаолликни эрта тонгдан бошлаб, турли юқумли хасталикларнинг вирусларидан ҳимояланган ҳолатда яшашлари, ўқишлари ва ишлашлари керак. Ана ўшанда "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" деган эзгу ғоя асосида йилнинг энг муҳим ва унутилмас байрами - Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб нишонлаш бахтига мушарраф бўламиз.