Наврўз айёми арафасида Янгиқўр­ғон тумани марказидаги 10-умумтаълим мактабида ташкилланган олимлар билан учрашув ғоят мароқли ва ғоят эсда қоларли даражада файзу шукуҳли кечди. Негаки, илм даргоҳининг тадбирлар зали ҳам мезбонлар, ҳам меҳмонлар билан гавжумлашди. Мактаб директори Аҳмаджон Неъматуллаевнинг айтишича, бу масканда 2612 нафар болага 105 нафар ўқитувчи сабоқ беради. Диққатга сазовор жиҳати 2019-2020 ўқув йилида мактабни битирганларнинг 35 фоизи олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинганликларидир. Бу йил эса эришиладиган натижанинг янада юқори бўлиши кутилмоқда. Шунга яраша ҳаракат, шунга яраша интилиш ўқитувчи ва ўқувчиларнинг чоракдан-чоракка фаоллашиб бораётганида яққол намоён бўлмоқда. Яна бир эътиборга лойиқ ҳодиса мазкур мактабда собиқ ўқувчи, таниқли жарроҳ- уролог-андролог, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза Нурматовнинг қадрдон мактаби педагогик жамоаси билан доимий ҳамкорлик ўрнатгани, 30 нафар ўқувчига шахсий "Нурматов" стипендияси эълон қилгани, десак асло янглишмаймиз. Бугунги олимлар учрашуви ташкилотчиси ҳам шу олийҳиммат инсон эканини тантанали тарғибот анжуманида билиб олдик.

Даврада Наманган муҳандислик-технология ҳамда Наманган муҳандислик-қурилиш институтларининг бир гуруҳ профессор ва доцентлари қатнашишди. Техника фанлари доктори, профессор Ҳамидхон Аҳмадхўжаев муҳандислик-технология институтида талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида мухтасар маълумот берди ва барча олимлар номидан мактаб кутубхонасига бир қанча соҳаларга оид қўлланма ва китобларни совға қилди. Шогирдлари ва сафдоши, профессор Рустам Муродов эса шу жамоада камол топганини, эндиликда фан доктори даражасига етганини мамнуният билан таъкидлади. Физика-математика фанлари номзоди, доцент Абдулбоқи Раҳмонов ўқитувчи ва ўқувчилар билан мароқли суҳбат қуришди. Улар йигит-қизларда енгил саноат соҳаси мутахассислари бўлишга қизиқиш ва иштиёқ уйғотишди, албатта. Чунки, қизғин савол-жавоблар шундан далолат берди.

Ниҳоят, ҳаяжонли сийлов лаҳзалари бошланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Дилором Исомиддинова Ёдгормирза Нурматов стипендиясига муносиб кўрилган аълочи ва жамоатчи ўғил-қизларни тақдирловга таклиф этди. 30 нафар ўқувчига конвертга солинган стипендия пули ва "Ташаккурнома" тантанали суратда топширилди. Наманган мухандислик-технология олийгохи профессори, техника фанлари доктори Қурбонали Мадаминович Холиқов томонидан ҳар бир стипендия соҳиблари алоҳида-алоҳида спорт кийими билан такдирланди.

- Илдизлари бут дарахтнинг япроқлари доимо яшноқ бўлади, - деди минбарга чиққан олим, Наманган муҳандислик-қурилиш институти доценти Олимжон Эгамбердиев. - Мана шу дўстимизнинг ота қадрдони сифатида бемалол айта оламанки, Ҳотаммирза отадаги саҳийлик ва самимият, одамларга меҳр-муҳаббат хислатлари айниқса шу ўғилларига ўтган. Бундан ибрат олсак арзийди. Ахир ёш авлодга рағбат бериш, камолотига кўмаклашишдан аълороқ ҳиммат қаерда?! Укамиз ва дўстимизга эзгу амаллари бардавом бўлишини тилаб қоламиз.

Анжуманда қатнашган туман халқ таълими бўлими мудири Абдурашид Қаюмов қуйидагиларни эътироф этди: "Вилоятимиз олимлари билан ташкилланган учрашув, хусусан, "Нурматов" стипендияси тақдимоти ўқувчилар қалбига гўёки чўғ ташлади. Улар фикру ўйларидаги "Эртага ким бўлсам экан?" деган муҳим сўровга жўяли жавоб топишларига, ойдинлик киритиб олишларига имкон яратди. Олий таълим билан мактаб таълими ўртасида узвий алоқа ришталарини боғлади. Ўзаро ҳамкорлик сари дастлабки дадил қадамлар ташланди. Бугунги тадбир ёшларнинг орзулари ушалишига бўлган ишончларини янада мустаҳкамлади".

Шифокор-олим стипендиясига сазоворланган Кумушхон Ҳамидова, Меҳриноз Фахриддинова, Нозима Жалилова, Дилшода Адашалиева, Ойдина Турсунова, Мадина Маҳмудова, Нурмуҳаммад Собиржонов, Илёсбек Илҳомов каби ўқишда аълочи, жамоат тадбирларида фаол ўғил-қизлар келажакда мактаби ва туманни шарафларга буркаётган Ёдгормирза акага ўхшаб элу юртига садоқатли, олийҳиммат инсон бўлишга аҳд қилганларини ўша лаҳзаларда уларнинг қувонч ва самимият балқиб турган юз-кўзларидан англаб олиш қийин эмас эди.

Қўли очиқ, меҳри сочиқ Ёдгормирза Нурматов вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази урология ва ўсмирлар гинекологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси, 2019 йил Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган танловда "Йил урологи " номинацияси ғолиби ҳамда айни дамда Наманган давлат университетида фаолият юритаётган Урал тиббиёт институти қўшма таълим факультети ўқитувчиси ҳамдир. Уни тиббий билимларнинг жонкуяр тарғиботчиси де­йишгаям тўла ҳақлимиз. Шу кунларда ўзи ёш олим бўлишига қарамасдан "Фар­ғона водийсида болаларда учрайдиган гипоспадия хасталигини эпидемиологияси, сабаблари, клиник кўринишлари ва замонавий даволаш усуллари" мавзусидаги 1 та номзодлик илмий-тадқиқот ишига ҳамда 4 та магистр­лик илмий-тад­қиқот ишига раҳбарлик қилмоқда. АҚШ, Россия, Англия, Германия, Швеция, Польша ва Канада давлатларида чоп этиладиган илмий журналларда кўпдан-кўп мақолалари ёритилган. Нуфузли халқаро анжуманлар, жумладан, Европанинг тиббиётга доир конференциясида "Болалар сийдик йўллари туғма нуқсонларини янги усулда бартараф этиш" мавзусидаги маърузалари билан қатнашган. Кашфиётчи олим болаларда учрайдиган сийдик йўллари туғма нуқсонларини бартараф этиш учун металл вальвулатом ихтиро қилган ва ушбу вальвулатом иштирокида янги операция усули яратилган. Ушбу операция усули каминвазив бўлиб, юқори технологияли аппаратуралар талаб этмайди ва ҳаттоки туманлар шароитида ҳам бемалол бажарса бўлади. Катта анжуманлардан бирида Россия фанлар академиясининг академиги Вадим Георгиевич Гельд унинг тиббий илмдаги янгилиги ва малака маҳоратини чинакам жасорат намунаси сифатида юксак баҳолаган.

Унутилмас ҳаяжон ва таассуротларга бой кечган маънавий-маърифий тадбирдан қайтар эканмиз, кўнглимиздан бир фикр-истак кечди: Қани эди Ёдгормирза Нурматовдек саховатпеша инсонлар кўпаяверса...

Ўз мухбиримиз.