Ассалом, эй она табиатнинг сулув бекаси, фарахли Наврўз! Ассалом, эй деҳқон баҳорининг наҳори - муаззам Наврўз! Ҳуш келдинг, қадамингга минг бор ҳасанот! Ахир сенинг ташрифингдан тоғ-тоғ "оқ олтин" хирмонларию, омбор тўла донлар дараги мужассам. Келинлар либосидек ял-ял, сержило оқ, сариқ-қизил ва пушти рангларда камалак нусха товланиб турган бодом, ўрик, олча, гилос, шафтоли, олма каби қатор-қатор неъмат дарахтлари шохларида сенинг нафасинг, сенинг ифоринг уфурмоқда.

Ҳа, она юртимиз, она халқимиз Нав­рўзни қаршиламоқда. Унинг ҳадсиз пахтазорларию ғаллазорларидан, мевазор боғлари бағридан, эзгу ниятли инсонлар умргузаронлик қилаётган ҳовли-ю хонадонлари остонасидан қут-барака, саховат ва меҳр-оқибат, иймон-эътиқоду покликка бурканган Нав­рўз кириб келмоқда. Сону-саноқсиз дошқозонларда тундан тонггача шарақлаб қайнаётган сумалаклару ҳалимлар, тандирларда хуш бўй таратаётган кўк сомсаю кўк патирлар соҳибаси қиз-жувонлар ва онахонларнинг кўнгилларида навбаҳор нашидаси - навбаҳор қувончи.

Бозорларда кетмону ўроқ, белкурагу гулқайчи - қўйингки, ризқу зироат учун зарур анжомлар олиш, оби ҳаёт йўлларини, ташкилот, муассаса олдидаги мўъжаз гулзорларни, йўл ёқаларини тозалаб, чопиб, эгатларини олиб, дов-дарахт­лару гулларга шакл­лар бериш, деворларни таъмирлаш, дарахтлар танасини оқлашдек савобдан четда қолмаслик истаги ҳар бир қалбда ҳукмрон.

"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" вазифаларини изчил бажариш иштиёқидаги саъй-ҳаракатларнинг илк натижаларидан ҳуш кайфият сезаётирмиз барчамиз. 2021 йилнинг Наврўзи - Янги куни янгидан янги эзгу мақсадларимиз рўёбига ҳаммамизни астойдил чорламоқда. Соғлиқни сақлаш тизимининг каттаю кичик муассасалари жамоалари соғломлаштириш ҳафталикларини ташкиллаштириб, бунёдкор халқимизни турли дард­лардан муҳофаза қилиш учун бор билим, тажриба ва маҳоратларини ишга солишмоқда.

Наврўз айёмининг файзу шукуҳи дилларимизга беқиёс мунавварлик, ширин орзу умидлар бахш этаётган экан, жорий йилимиз бизларга бахту саодатлар олиб келишига ишончимиз комил. Чунки, ҳар йилнинг қандай инъомлар билан келишини унинг Нав­рўзи, навбаҳори дараклайди.

Қутлуғ айёмингиз шарофатли йил бошига айланаверсин, азиз юртдошлар!