Юртимизда  умумхалқ байрами - Наврўз айёми олдидан  ўтказилган  хайрия ҳашарида   вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасалари жамоалари фаол қатнашдилар.

Ҳовли ва майдончаларга, ариқларнинг бўйларига манзарали  ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Мавсумий  ва  кўп йиллик гул кўчатлари ўтқазилди. Бундан ташқари ҳашар давомида  дарахтлар танаси оқланди. Ариқ ва зовурлар ковлаб, тозаланди.  Муассасалар ҳудудларидан йиғилиб қолган чиқиндилар олиб кетилди. Наманган шаҳрининг марказий кўчаларида жойлашган муассасаларнинг олди  қисмларига  гул конструкциялари ўрнатилди.

Вилоят  кўп тармоқли тиббиёт марказининг ходимлари умумхалқ ҳашарида ғоят фаоллик кўрсатишди. Улар эрта тонгдан шифохона ҳудудини супуриб-сидиришди, тозалашди, дарахтлар танасини оқлашга астойдил киришишди. Шунингдек, ҳар бир бўлим вакиллари ўз майдончаларини манзарали  ва чиройли гул кўчатлари билан янада бойитишди. Айниқса, кўз касалликлари бўлими ходимлари томонидан  турли рангларда очиладиган гул кўчатлари экилди.

Шифохона  бош врачи вазифасини бажарувчи Баҳодир  Раҳимовнинг таъкидлашича, ҳудудга 50 туп манзарали ниҳоллар ва  1100 тупга яқин атиргул кўчатлари   ўтқазилди.

Дарҳақиқат, ҳашар қадим-қадимдан халқимизга хос эзгу қадрият ҳисобланади.  Шунинг учун ҳам марказ ҳовлисини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида 350 нафар  врачу ҳамширалар, кичик тиббиёт бекалари, техник ходимлар ҳамжиҳатликда муносиб ҳисса қўшдилар.

Албатта, одам бир туп кўчат экса ҳам унинг униб ўсишини кўрган сари дили яйрайди, кўзи қувнайди. Бошқалар ҳам баҳра олаётганини билса, янада завқланади. Ҳашарнинг эзгу тадбирлиги ана шунда.

Манзура ЭРГАШЕВА.