Ҳамширалар соғлиқни сақлаш тизимида муҳим таянч ва ҳаракатлантирувчи кучдир. Бугун вилоятимиз соғ­лиқни сақлаш тизимида 23 минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ҳар бирида билим ва тажриба, ўзига хос истеъдод ва маҳорат мужассам. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ва "Камолот" Ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши ҳамкорлигида уюштирилган кўрик-танловда ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари, Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларидаги якунланган саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган ўн бир нафар ҳамшира финал босқичга бериладиган ягона йўлланма учун кураш олиб борди.

Саҳнада саф тортган иштирокчи қизлар таништирилмоқда: Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими ҳамшираси Нилуфар Маликова, Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Шоҳсанам Ҳамидова, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси Моҳидил Адашева, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Эъзозахон Абдуллаева, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Барно Абдуҳамидова, Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Маъмура Тўрабоева, Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси Гулҳаё Турсунова, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ҳамшираси Дилнавоз Умарчаева, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси 1-шаҳар шифохонаси ҳамшираси Сурайё Гузарова, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси Шаҳлохон Охундадаева, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси Феруза Асқарова.

Кўрик-танлов аввалида вилоят ҳокимлиги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш котибияти мудири Аюбхон Оппоқов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар мамлакатимизда истиқлол йилларида рўй берган буюк ўзгаришлар баробарида тиббиётда ҳам изчил ислоҳотлар кечаётгани, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва даволаш-профилактика ишлари самарадорлигини оширишда ҳамшираларнинг ҳам алоҳида ўрни борлигини эътироф этдилар.

Ҳаяжонли онлар бошланди. Биринчи шарт - "Ҳамшира ташрифи"га мувофиқ ҳар бир қатнашчи касби, шаҳри, тумани, хизмат қилаётган жамоаси, у ерда бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида шеърий тарзда маълумот берди. Оммавий чиқишлар ва видеороликлар воситасида "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури ижроси боис амалга оширилаётган эзгу ишлар, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар талқин этилди. Нилуфар Маликова, Моҳидил Адашева, Эъзозахон Абдуллаева, Сурайё Гузароваларнинг чиқишлари юқори баҳоланди.

Касбга оид назарий билимлар бў­йича беллашув чоғида ҳамшираларнинг билимдонлиги янада ойдинлашди. Турли касалликлар ва уларга қарши амалга ошириладиган даволаш усуллари, инсон аъзолари тўғрисида синов борди. Эъзозахон Абдуллаева ва Маъмура Тўрабоевалар рақибларига нисбатан анча билимдон эканликларини кўрсата олдилар.

Тиббиёт соҳасига оид амалий билимлар кўриги Наманган 2-тиббиёт коллежида ташкилланган эди. Экранда синов даври экс эттирилган лавҳалар кўрсатилди. Унинг якуни ҳақида ҳакамлар ҳайъати аъзоси, мазкур тиббиёт коллежи директори ўринбосари Раҳматилла Муҳиддинов таништирди.

- Аввалги йил­ларга нисбатан ҳамшираларимизнинг билим ва касбий кўникмалари кескин ошганлигига амин бўлдик, - дейди у. - Нилуфар Маликова, Эъзозахон Абдуллаева, Барно Абдуҳамидова, Шаҳлохон Оҳундадаевалар, айниқса, юқори балл тўпладилар.

Кейинги шарт бўйича мусобақа ҳам жиддий тус олди. Ижтимоий-сиёсий билимларга доир синов пайтида эса иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, қонунлар, давлат рамзлари, тарихни, тиббиётга оид ҳужжатларни, маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни қай даражада билишлари имтиҳондан ўтди. Гулҳаё Турсунова, Дилнавоз Умарчаева, Феруза Асқарова, Моҳидил Адашеваларга юқори баҳо берилди.

Охирги шартга кўра бадиий чиқиш намойиш қилинди. Нилуфар Маликова, Моҳидил Адашева, Дилнавоз Умарчаевалар ижросидаги рақс­лар, Эъзозахон Абдуллаева, Барно Абдуҳамидова айтган қўшиқлар, Маъмура Тўрабоева тайёрлаган саҳнавий чиқишлар томошабинларнинг олқишлари остида кечди.

Куннинг иккинчи ярмида ҳакамлар ҳайъати якуний натижани эълон қилди. Унга кўра республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вакиласи Дилнавоз Умарчаева энг юқори балл тўплаб, қўрик-танлов ғолиби бўлди. Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Нилуфар Маликова эса иккинчи ўринни эгаллади. 3- ўрин вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамшираси Эъзозахон Абдуллаевага насиб этди.

- Астойдил интилишларим ўз самарасини берди. Ғолибликнинг ўзига яраша масъулияти ҳам бор, - дейди Дилнавоз Умарчаева. - Фарғона вилоятида бўладиган республика финал босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишим зарур.

Кўрик-танлов ниҳоясида ғолиб ва совриндорларни шарафлаш маросими ўтказилди. Уларга вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов диплом ва эсдалик совғаларини тантанали суратда топширди.

Шундай қилиб, ўрта тиббиёт ходимларининг энг нуфузли, билим ва маҳорат, истеъдоду қобилият бўйича беллашувлари ниҳоясига етди. Кўрик-танлов боис ҳамширалик ишини янада такомиллаштириш, саломатлик пос­бонларининг маънавиятини юксалтиришга эришиш сари изланишлар кўлами кенгайганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.