Абдулходи ИМИНОВ,
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
Жорий йил вилоятимиз тиббиёти тараққиётида ҳам ўзига хос босқич бўлиши шубҳасиз. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган вазифалар, айниқса яқинда Наманганга ташрифлари чоғида белгилаб берган йўл-йўриқлари асосидаги саъй-ҳаракатларимиз шундан далолат беради. Қолаверса, "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" Давлат дастури ижросини таъминлаш борасидаги интилишларимизни бирор лаҳза сусайтирмасликка ҳамиша бурчлимиз.
Бугун вилоятимиз тиббиёт ходимларининг билими, малакаси ва бор салоҳияти ана шу масъулиятли ва шарафли вазифаларни изчил амалга оширишга йўналтирилган. Январь ойида бутун куч ва имкониятлар соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизими ишини янги ва юқори даражага кўтаришга қаратилди. Яъни, муҳтарам Президентимизнинг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110-сонли Фармони асосидаги кенг қамровли ишлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолини саломатлик гуруҳларига ажратиш, сурункали касалликлари мавжуд беморларни соғломлаштириш тадбирлари олиб борилмоқда.
Мазкур Фармон ижроси туфайли аҳолини самарали патронаж хизмати ва профилактик тадбирлар билан қамраб олиш 100 фоизга етади, соғлом турмуш тарзи ҳамда тўғри овқатланиш маданияти кутилган даражада шакллантирилади. Аҳоли орасида онкологик касалликлар 1-2 босқичларида аниқланиши 60 фоизгача етказилади, диабет олди ҳолатларнинг эрта аниқланиши билан мазкур касалликлар кўрсаткичи 20 фоизга камайтирилади. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолияти яхшиланиши натижасида аҳолининг республика тиббиёт муассасаларига тўғридан-тўғри мурожаатлари кўрсаткичи янада пасайтирилади.
Даставвал, Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон тумани аҳолиси тиббий хатловдан тўла ўтказилди. Тиббий хатлов натижасида аҳолининг 36,2 фоизида ортиқча вазн, 13,6 фоизида семизлик, 40,8 фоизида кўп туз, 37,2 фоизида мева ва сабзавотлар кам истеъмол қилиш каби саломатликка зид кўрсаткичлар қайд этилди.
Тиббий хатлов ва антропометрик ўлчов жараёнлари айни пайтда бутун вилоятни қамраб олган.Унинг якунида бизга аҳолининг касалланиш ва саломатлик кўрсаткичлари янада ойдинлашади.
Февраль ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида саломатлик акцияси ўтказилди. Акция давомида аҳолига "маҳаллабай" тизимида манзилли тиббий хизмат кўрсатилди. "Темир дафтарга" киритилган ҳамда ногиронлиги бўлган кишиларнинг хонадонларига пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг олим ва етук мутахассислари боришиб, уларни ўз уйларида тиббий кўрикдан ўтказишди.
Акция доирасида барча туманларда "маҳаллабай" тизимида иш олиб борилди. Яъни 775 та маҳалладаги 37 минг нафар "Темир дафтар"даги ва ногиронлиги бўлган, юқори хавф гуруҳидаги фуқаролар тиббий кўриги ташкилланди. Улар орасидан ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож 27040 нафар бемор саралаб олинди ва ҳолатига қараб даволаш чора-тадбирлари кўрилди. Беморлардан 174 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Жумладан:
- Травматология йўналишида 4 нафар беморда мураккаб бўлган чаноқ-сон бўғими эндопротезланди;
- Кардиожарроҳлик йўналишида Наманган вилоятида биринчи бор бир нафар беморда сунъий қон айлантириш ва кардиоплегия шароитида Митрал ва Аортал клапан протезлаш ҳамда 29 нафар беморда аорта коронаршунтлаш кардиожарроҳлик амалиётлари мувафаққиятли уддаланди;
- Нейрожарроҳлик йўналишида 9 нафар беморда, вилоятда шу кунга қадар амалга оширилмаган Кранио Вертебрал бурчак декомпрессияси жарроҳлик амалиёти бажарилди.
- Урология йўналишида эса 14 нафар беморда пиелопластика, уретропластика амалиётлари ҳамда видео-лапароскопик нефро-уретроэктомия ва ўнг томонлама лапароскопик уретролизис ва стентлаш илк маротаба вилоятнинг ўзида амалга оширилди.
- Болалар жарроҳлиги йўналишида 14 нафар бемор болаларда туғма нуқсонлар, яъни қаттиқ ва юмшоқ танглай туғма ёриғи ҳамда юқари лаб танглай анамалияси мураккаб бўлган хейлопластика ва велопластика йўли билан бартараф этилди.
Яна бир муҳим жиҳат - трансплантология йўналишида РШТЁИМда 3 нафар беморга буйрак кўчириб ўтказилди.
Ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида 22 минг нафардан зиёд бемор амбулатор шароитда, 4 ярим мингдан ортиқ бемор стационар шароитда соғломлаштирилди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, вилоят миқёсида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлигини тобора ошириш учун астойдил изланишлар олиб борилмоқда. Энг олис қишлоқларда яшовчиларга ихтисослаштирилган тиббий хизматни янада яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда. Вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг таниқли олим ва етук мутахассисларидан иборат бўлган тиббий бригадалар бу хайрли ишга сафарбар этилмоқда.
Поп туманининг Найман, Гулистон, Чодак, Парда Турсун, Олтинкон, Чуст туманининг Ғова, Янги ҳаёт, Тинчлик ва Юқори, Мингбулоқ туманининг Гулбоғ, Алами, Қорашаҳар, Қозоқовул, Янгиқўрғон туманининг Бекобод, Бўстон, Янгиобод маҳаллаларида барча аҳоли ихтисослаштирилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Беморларда аниқланган касалликларни тезкор соғломлаштириш учун уларга туман ва вилоят марказларида даволанишга йўлланмалар берилди.
Вилоятда тиббий хизматни такомиллаштириш мақсадида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари билан телемедицина тизимини йўлга қўйиш белгилаб олинди. Шу мақсадида 17 та Республика илмий маркази, 5 та олий тиббий таълим муассасаси, 19 та вилоят тиббиёт муасасаларининг 293 нафар мутахассислари тиббий кўрик ва телемедицинага жалб қилинди. Энди 6 - 23 ойлик болалар учун уй шароитида таёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан ва 2- 10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилади. Вилоятдаги 6 ойдан - 5 ёшгача бўлган болаларни А витамини билан таъминлаш учун вазирликка эҳтиёжга аниқлик киритиб берилди.
Вилоятдаги Нейросенсор карликка чалинган ёки заиф эшитадиган болалардан 10 нафари республика марказлари мутахассислари томонидан тиббий текширувларидан ўтказилди. Уларда режали амалиётларни ўтказиш вақти белгилаб олинди. Вилоятда 5 ёшгача бўлган болалар, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бор, қон-томир, онкологик, эндокрин касалликларга мойиллиги бўлган болалар билан ишлаш бўйича яратилган алоҳида тизимдан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш ўринлики, вилоятимизда сифат жиҳатидан янги, замон талабларига жавоб берадиган бирламчи тиббиёт ва ўнлаб йўналишларга ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган ишончли тизим мавжуд. Бирламчи тиббиёт соҳасида электрон поликлиникалар тармоғини яратиш бўйича кенг кўламли ишларга киришилмоқда. Бунинг натижасида аҳолининг тўлиқ маълумоти шаклланади, ўз навбатида фуқароларимиздан маълумотномалар талаб қилавериш каби ҳолатларнинг олди олинади. Ҳар бир фуқаро республиканинг қаерида яшашидан қатъий назар тезда зарур маълумот ва тиббий ёрдам олишига тўла имконият яратилади.
Яна бир муҳим янгилик - вилоятимизда Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларнинг филиалларини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда бу топшириқ ижроси юзасидан вилоят даволаш-профилактика муассаларида Марказлар директорлари билан биргаликда низомлар, йиллик иш режалар ишлаб чиқилган. Бундай филиаллар кўплаб беморларга ва уларнинг яқинларига керакли қулайликлар туғдиради. Республика ихтисослаштирилган марказларининг профессорлари ва бош мутахассисларининг вилоятдаги филиалларга ташрифи кўпаяди, Наманганнинг ўзидаги даволаш-профилактика муассасаларида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш ҳамда беморларга онлайн тарзда маслаҳатлар бериш йўлга қўйилади.
2021 йилда вилоятимиз тиббиёти тараққиётида туб бурилиш ясалишига ишончимиз комил. Ахир йил учун белгиланган Давлат дастуридаги долзарб вазифаларнинг тўла бажарилиши учун шароитимиз ҳам,имкониятимиз ҳам етарли бўлиши кафолатланган.