Яқинда Наманган шаҳридаги 6-оилавий поликлиниканинг "Бўстон" филиали шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг координаторлари, бош ҳамширалари билан гавжум бўлди.
Чунки бу ерда "Бунёдкор" маҳалласидаги тиббий тадбирлар тимсолида аҳолига "маҳаллабай" хизмат кўрсатишнинг юқори самарали жиҳатларини кўрсатишга бағишланган намунавий семинар ташкилланди. Ишга бундай ёндашувдан асосий мақсад аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкиллашда манзилли ва мақсадли режаларни белгилаш ҳамда уларнинг ижро самарадорлигини аниқ ва объектив баҳолаб боришдан иборатдир.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова семинар иштирокчиларига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни "маҳаллабай" ташкил қилиш чоралари тўғрисида"ги буйруғи ижросини филиалда амалга оширилган ишлар ва меъёрий ҳужжатлар асосида тушунтириб берди. Бош ҳамширанинг таъкидлашича, ҳар бир меъёрий ҳужжат (папка) оила шифокорининг ҳам, ўрта тиббиёт ходимининг ҳам ишини осонлаштиради.
Вақтини тежайди. Амалга оширилган манзилли ишларни яққол кўрсатиб бериш учун муҳим қўлланма ролини ўйнайди. Бунга жиддий эътибор қаратиш зарур.
Семинар қатнашчилари филиалдаги Президент ташрифидан кейинги ўзгаришлар билан ҳам яқиндан танишишди. Илгари бу ерда 7 нафар патронаж ва катта ҳамшира фаолият юритар эди, холос. Ҳозирда эса 6 - ОП томонидан шифокор бириктирилди. Тартибланган рўйхатхона, лаборатория, муолажа, физиотерапия хоналари талаб даражасига келтирилди. 22 февралдан буён УЗИ, ЭКГ аппаратлари мутахассисларининг мунтазам фаолияти йўлга қўйилди. Тиббий кўрик ва тиббий хатловлар давомида аҳолининг ижтимоий ҳолати ўрганилиб, соғломлаштириш чора-тадбирлари белгиланаётир.
Шунингдек, анжуманда тиббиёт ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга керакли жавоблар олишди.
Манзура ЭРГАШЕВА.