Муҳтарам  Президентимизнинг  вилоятимизга ташрифларидан сўнг Наманган шаҳридаги "Бунёдкор" маҳалласида кенг кўламда ободонлаштириш ва ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бинобарин, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда. "Бунёдкор"ликларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг сифатли ва малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишлари учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан барча шароит ва қулайликлар яратилмоқда.  22 февралдан 9  мартга қадар вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳамда ихтисослашган марказларнинг етук мутахассислари, олим-шифокорлари, шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли поликлиникаларнинг тор доирадаги шифокорлари  ўз фаолиятларини маҳаллага кўчиришди. Аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

6-оила поликлиникасининг "Бўстон" филиали томонидан  ўн икки минг­дан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатилади.   Мазкур муассаса  яқин бир ой вақт мобайнида "Усталар", "Саноат", "Боғбон", "Мустақилликнинг 10 йиллиги", "Чорвадор", "Баҳор", "Гаистон", "Сардор", "Меҳнатобод", "Янги Гулистон" ва бошқа кўчаларда яшовчи аҳоли вакиллари билан гавжум бўлди.

"Офтольмобил" поликлиникаси, УЗИ, ЭКГ аппаратлари, клиник - биохимик лаборатория таҳлиллари ҳам шу ернинг ўзига келтирилганлиги  одамларга ғоятда қулайлик туғдирди.

Уролог, ЛОР, эндокринолог, кардио­лог, акушер-гинеколог, невропотолог, аллерголог, окулист, терапевт ва бош­қа мутахассислар зийраклик билан отахону онахонлар, ёшлар ва болаларни соғлигини текширишди.

Аҳоли  бу қулайликдан унумли фойдаланди. Шифокорлар  тавсияси билан таналаридаги салбий ўзгаришлардан воқифланишди. Юрак  қон - томир касаллиги, диабетга мойиллиги борлар, онкологик, ошқозон - ичак тизими ва бошқа касалликларга чалинган ва гумон қилинганлар диагностик тиббий текширувлардан ўтишлари учун ихтисослаштирилган шифохоналарга йўналтирилиб турилди.

Маҳалла аҳли вилоят эндокринология диспансери бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосовнинг хизматидан  беҳад мамнун бўлди. Чунки  олим-шифокорнинг ўзи  маҳаллага келиб, фуқароларни кўрикдан ўтказиб, керакли маслаҳатларини берди.

- Турмуш ўртоғим ва уч нафар фарзандим билан кўрикка келгандик, -дейди Мўътабар Раҳимова. -  Қизим Мадинахондаги оғир хасталикни олим-шифокор аниқлаб, уни даволаш чораларини белгилаб, керакли дори-дармонларни ёзиб бердилар.

Невропотолог Аъзамхўжа Ботировнинг кўригидан ўтаётган  Малика Мирбобоеванинг таъкидлашича, унинг қўл-оёғи тез-тез увушади. Боши оғрийди, асабийликдан қийналади

- Тиббий кўрик оиламиз учун жуда яхши бўлди. Ҳатто қон ва бош­қа таҳлилларни топширдик. Шифокорлар керакли тавсиялар айтиб, дори-дармонларни ёзиб беришди, - дейди у мамнун кайфиятда.

-  Белим бот-бот оғрийди. УЗИ аппаратига тушсам сурункали пиелонефрит хасталиги бор экан.Шифокор зарур дориларни тавсия этди, саломатлигимга асло бефарқ бўлмаслигимни уқтирди, - дейди Ёқутхон Абдураҳмонова.

Дам   олиш кунлари ҳам  "Бўстон" филиалида иш қизғин тус олди. Шифокору ҳамширалар  ишда, ўқишда ва бошқа турли юмушлар билан банд бўлиб тиббий кўрикка келолмаган фуқароларни қабул қилишди.

"Темир дафтар" рўйхатидаги Зулхумор Холиқованинг  йиқилгандан ке­йинги жарроҳлик амалиётидан сўнг қолиб кетган асорати эса мураккаб операцияни талаб этарди. Энди уни дарддан фориғлантириш учун вилоят кўп тармоқли марказий шифохонасида қайта жарроҳлик амалиёти бажариладиган бўлди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров бошчилигидаги тиббий гуруҳ ногиронлиги бор ҳамда тиббий кўмакка муҳтож кексаларнинг хонадонларига ҳам ташриф буюрдилар. "Усталар" кўчасида яшовчи  Аҳмаджон Абдулҳаев юрак хасталигидан азият чекади. Шунинг учун ҳам у вилоят кардиология маркази шифокори Бахтиёр Камоллиддинов ва ЭКГ  мутахассисининг хонадонига тиббий аппарати билан келишганидан ғоят мамнунлик туйди. Беморда сурункали юрак етишмовчилиги аниқланди. Керакли  дори-дармонлар тавсия қилинди.

Тиббий кўриклар давомида соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош мутахассиси  Рихси  Салиходжаева, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова, шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиникаларнинг бош врачлари ҳамда бош ҳамшираларига маҳаллада тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида керакли тушунтириш ва кўрсатмалар бериб бордилар. Ўзлари ҳам бевосита маҳаллаларда хонадонма-хонадон юришиб, тиббий хатловларда иштирок этишди. Меъёрий  ҳужжатларни тартибга солишда, "маҳаллабай" ишлашнинг манзилли ва мақсадли жиҳатларини шифокору  ҳамширалардан иборат тиббий бригадаларга  тушунтиришиб туришди.

-"Бунёдкор" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 27 нафар "Темир дафтар" рўйхатидаги аёлларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 16 нафарига амбулатор даволаниши учун керакли муолажалар ёзиб берилди. 1 нафари шаҳар шифохонасига ётқизилди. 1 нафарининг турмуш ўртоғи даволаниш учун шифохонага юборилган бўлса, 1 нафарининг фарзандини ногиронлик муддати узайтирилди, - дейди шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош врачи ўринбосари Мушаррафхон Собирова.

Ҳозиргача 6-ОПнинг "Бўстон" филиалида ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда "Аҳолини маҳаллабай соғломлаштириш" тадбирларида аҳолига  кўрсатилган тиббий ёрдамлар ҳақида ВССБ  мутахассиси Алиёр Нуралиевга мурожаат этдик. Унинг айтишича, вилоятдаги ихтисослашган марказлар ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмасининг тор доирадаги мутахассислари иштирокидаги "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун" акцияси доирасида 1965 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилди. Тиббий тадбирларда турли ташхислар билан стационар даволанишга муҳтож бўлган 73 нафар кам таъминланган ҳамда "Темир дафтар" рўйхатидаги фуқароларга саломатликларини тиклашлари учун вилоят марказларига  ҳамда шаҳар марказий шифохоналарига йўлланмалар берилди. Шунингдек, маҳаллада хонадонма - хонадон  юриб аҳоли билан  ўтказилган  суҳбатлар давомида соғлиқни сақлаш бўйича 55 та мурожаатлар бўлди.  Мурожаатларнинг 48 таси  маҳалланинг ўзида ҳал қилинди. Қолган етитаси эса  шаҳар ҳокимлиги, вилоят бош ТМЭК билан биргаликда кўриб чиқилмоқда.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, "Бўстон" филиалида   нафақат аҳолининг соғликлари текширувдан ўтказиляпти, балки соғломлашишлари учун  ҳам имкониятлар яратилаётир. Яна бир муҳим тадбир бу ерда соғлом овқатланиш  учун керакли маҳсулотларнинг кўргазмаси ҳам ташкил қилинган. Саломатлик оиладан бошланар экан,  унга кўпроқ оналар масъуллик сезадилар. Шунинг учун ҳам уй бекаларию, хотин- қизларга  озиқ-овқатлар таркибида қандай маҳсулотлар энг зарурлиги ва уларнинг меъёрлари  билан ҳам таништириб, керакли маълумотлар бериб бориляпти.

Жисмоний фаоллик, соғлом овқатланиш тамойиллари, жамоат ва шахсий гигиенанинг аҳамияти ва аҳоли тиббий маданиятини юксалтириш, юқумсиз касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш чора-тадбирларини ўз ичига олган  "Соғлом ҳаёт учун - 5000 қадам" шиори остидаги кенг қамровли  соғломлаштириш  жараёнлари ҳам  бунёдкорликлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.