Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиалига ётган беморлар даставвал шифокорлардан шу сўзларни эшитишади, нафақат эшитишади, балки муолажа ва жарроҳлик амалиётларидан сўнг ишончли кафолатни ҳис этишади, яшашга умидлари мустаҳкамланади, ҳаётга муҳаббатлари янада ортади. Инчунин, бу ерда ўз соҳалари бўйича чуқур билимга, мукаммал малакага эга мутахассислар жамулжам бўлишгани боис рентгенэндоваскуляр ва юрак қон-томир жарроҳлиги бўлимига келтирилганлар ҳамиша нажот топишади.

"Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида ўтказилган акция чоғида кардиохирургларнинг фаоллиги ҳар қачонгидан ҳам кучайиб кетди. Чунки, уларнинг ёнларига пойтахтдаги устозларию, ҳамкасблари келиб қўшилишди. Тиббий кўрикнинг маҳаллаларга кўчирилиши, беморларнинг хонадонма-хонадон йўқланиши халқ учун айни муддао эди.

- Ҳар куни 10-15 та маҳаллага кириб ўртача 200-300 хонадондаги 1000га яқин кишиларнинг ҳолидан хабар олдик, - дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. - Шифокорларимиз ЭХО, ЭКГ ва МСКТ текширувларини олиб боришди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги мутахассислар билан биргаликда "Темир дафтар"даги камбағал қатлам тоифасига кирганлар танлаб олинди, зудлик билан имтиёзли равишда бепул жарроҳлик амалиётлари ташкилланди. Ҳар куни юрак хасталигидан озор чекаётган ўндан зиёд беморга яшаш умидини қайтарганимиздан кўнглимизга мунавварлик югурган.

Аслида бу - мўъжиза. Ахир қачондир юраги уришдан тўхтаб қолишидан қўрқиб, жонини ҳовучлаб умр кечираётганларни оғриқдан, ўлим хавфидан фориғ этиш шунчаки иш эмас. Бундай ҳайратона хирургик амалиётларнинг мураккаблари ҳозиргача фақат Тошкентда ўтказиларди. Сўнгги уч-тўрт йил ичида Наманганда бу борада дадил қадамлар ташланмоқда. Албатта, пойтахтдаги устозларнинг фаол кўмаги, бош-қош туришлари билан кутилган натижаларга эришилмоқда.

Акция доирасида рентгенэндоваскуляр хирургия бўлимида Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, профессор Миржамол Зуфаров раҳбарлигида 8 нафар беморда стендлаш амалиёти бажарилди. Яъни торайган, ҳатто бекилган юрак томирлари "девор"лари кенгайтирилиб, қоннинг равон оқиши таъминланди. 2 нафар беморнинг тож томирида коронар шунтлаш амалга оширилди.

- Олтмиш ёшдан ўтганимда юрагим панд бера бошлади, - дейди Косонсой туманининг Испархон маҳалласидан келган бемор Марҳабо Юсуфхўжаева. - Патронаж ҳамширамиз пойтахт­даги таниқли олим-врачлар давлат ҳисобидан операция ўтказишаётганидан бохабар қилиши билан уларга учрадим. Бир йўла 3 та стенд қўйишди. Миржамол акадан, у кишининг ёнида турган Акмалжон укамдан ўткир миокард-инфаркт арафасида ҳаётимни хавфдан сақлаб қолишгани учун бир умр­га миннатдорман.

- Далада узоқ йиллар трактор бошқарганман, не кўргулик эканки, икки-уч йилдан буён юрак хасталигидан азоб чекардиму, операция учун зарур маблағни тўплай олмай армондайдим, - дейди Норин тумани Тошлоқ маҳалласидан келган Улуғбек Толипов. - Ниҳоят омадим кулди. Айтишларича юрагимни чап тож томири тармоғида ангиопластика ва стендлаш амалиётини ўтказишибди. Энг қувонарлиси, бу операция жароҳатсиз экан. Худога минг қатла шукур, оилам бағрига саломатлигимни мустаҳкамлаб қайтиш имконияти туғилди. Биздек беморларга имтиёзли операцияларни ташкиллаганларни, айниқса халқига беҳад меҳрибон Юртбошимизни оиламиз билан кеча-кундуз дуо қилиб яшаймиз энди.

Шу куни "Темир дафтар"даги яна бир неча беморда юрак қон-томирини стендлаш муваффақиятли уддаланди. Айни дамда Республика ихтисослаштириган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Фозилов ҳам мутахассислари фаолиятини кузатиб, ҳатто энг нозик ва мураккабларини ўзи бажариб кўрсатиб, қимматли маслаҳатларини бериб боргани эса, интервенцион кардиохирургларнинг операция чоғидаги масъулиятини янада ошириб турди.

Филиал меҳмонлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари Сардор Турсунов ва Шаҳзод Асқаровлар ҳам бўлим мудири Шуҳрат Салоҳиддинов етакчилигида юқоридаги каби операцияларни бажаришда фаол қатнашишди.

Шунингдек, юрак қон-томир жарроҳлиги бўлимида пойтахтдан ташриф буюрган республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази коронар касалликлар бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Аброр Мансуров, филиалдаги ҳамкасблари Азимжон Ҳикматов ва Абдусалом Хўжамбердиевлар билан биргаликда бемор Ғани Раималиевда сунъий қон айланиш ва кардиоплегия шароитида митрал ва аортал клапанни протезлаш амалиётини ўтказди. Вилоят тиббиёти учун катта янгилик бўлган бу ҳолат ҳақида ҳали алоҳида ҳикоя қиламиз.

Содиқ САЙҲУН.