Йил бошидан вилоятимиздаги тиббиёт муассасалари жамоалари ғоят хайрли ва савобли ишларга эътиборни кучайтириб юборди. "Доктор А" хусусий клиникасининг врачу ҳамширалари ҳам бу борада фаоллик кўрсатишмоқда. Диққатга сазовор томони мазкур муассасада ҳозирги замон талабларига тўла жавоб берадиган барча шароитлар ҳамда тиббий аппарату ускуналар етарли. Яъни МРТ, рентген, УЗИ, ЭХО доплер, видеогастроскопия, видеокальпоскопия, ЛОР комбайн, рентгенография, ЭКГ, ЭЭГ ва бошқа аппаратлардан беморларни ташхислаш ва даволашда самарали фойдаланилмоқда. Мутахассисларнинг юқори малакага эга бўлгани эса доимо қувончли натижалар бермоқда.
Клиника жамоаси меҳр-мурувват акцияси чоғида нажотталаб, бироқ даволанишга маблағ тополмаётган ёрдамга муҳтожларга беминнат хизмат кўрсатди. Улар билан пойтахтдан келган шифокорлар ёнма-ён туришди.
- Бизнинг клиникамиз Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари билан аввалдан ҳамкорлик ўрнатган, - дейди "Доктор А" масъулияти чекланган жамияти директори Толибжон Мамадумаров. - Яқинда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий маркази мутахассислари билан биргаликда 3 нафар бемор текширувдан ўтди, ЛОР комбайн аппарати ёрдамида 10 нафар беморга ташхис қўйилиб, улар муолажалар олиши таъминланди. Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази мутахассислари билан 1 нафар беморни эхокардиоскопик текширувдан ўтказиб, касаллигига аниқ ташхис қўйиб бердик. Республика илмий-амалий маркази шифокорлари билан бемор Муҳайё Абдужалиевада икки томонлама аралаш буқоқ учинчи даражаси бўлгани учун жарроҳлик амалиёти ўтказдик. Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий маркази ходимлари билан бемор Наргиза Алихоновада лапораскопия ёрдамида нефроуретроэктомия амалиёти бажарилди. Бу билан барчаларининг соғлиги деярли тикланди.
Клиника жамоасига эзгу мақсад йўлидаги ҳаракатларига бардавомлик тилаб қоламиз. Зеро, қўлидан келса, савоб ишни ҳар ким, ҳар вақт қилиши керак, деб бежиз айтилмаган.
С. ТОЖИБОЕВ.