Вазирлик ташаббуси билан жорий этилган ушбу амалиёт боис тиббиёт ютуқлари, даволаш ва диагностика соҳасидаги илғор тажрибаларни соғ­лиқни сақлашнинг қуйи тизимларида қўллашга муваффақ бўлинмоқда. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳозирга қадар тўрт йўналиш бўйича машғулотлар ташкил этилган. Травматология ва ортопедия соҳасига оид тадбир ҳам иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди. Шу билан бирга аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини янада кўтариш имконини берди.

Пойтахтлик мутахассислар ташрифнинг биринчи куни тиббиёт марказида ортопедик касалликларга чалинган беморлар учун кўргазмали тиббий кўрик ташкилладилар. Вилоятимиз саломатлик посбонлари эса ҳамкасблари услубларини мукаммалроқ ўрганиш мақсадида жараённи диққат билан кузатиб туришди.

Олдиндан тайёрлаб қўйилган хоналарда қабул бормоқда. Кичик илмий ходим Санжар Қўчқортоев бел оғриғидан азоб чекаётган Жаҳонгир Содиқовнинг ҳолатини синчковлик билан ўрганиб чиқди. Аниқ ташҳис қўйгач, касалликни тезкор даволаш юзасидан маслаҳатлар берди.

- Тошкентдан келган доктор Хуршид Шокиров қабулида бўлдим. Оёғим шикастланганлиги учун анчадан бери юришда қийналар эдим. Тиббиётдаги янги технологиялар шарофати билан дардимдан халос қилиш мумкинлигини билиб ғоят қувондим. Шифокор тавсияси билан яқин кунларда жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди. Бизга шунчалик ғамхўрлик кўрсатилаётганлигидан мамнунмиз, - дейди Муҳаррам Ҳожиматова.

Кўрик мобайнида икки юз нафардан зиёд фуқаро ўзини безовта қилаётган хасталиклар юзасидан мурожаат этди. Уларнинг кўпчилиги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, айримлари республика травматология ва ортопедия илмий текшириш институти ҳамда бошқа илмий марказларда соғломлаштириладиган бўлди.

Шу куниёқ амалий ишга киришилди. Наманганлик шифокорлар малакасини ошириш мақсадида янги технологиялар асосидаги амалиётлар кўргазмали равишда ўтказилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида олти нафар бемор жарроҳлик столига ётқизилди. Уларнинг узун найсимон суяклари ёлғон бўғимида блокловчи интрамедулляр остеосинтезлаш усулида жарроҳлик амалиётлари олиб борилди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида эса ногиронликнинг олдини олиш мақсадида беш нафар беморнинг сон суяги бошчаси туғма чиқишларида реконструктив амалиёти муваффақиятли якунланди.

- Жарроҳликдаги бу технология Наманганда илк бор амалга оширилди, - дейди ВКТТМ жароҳат оқибатларидан сўнгги, ортопедия ва артология бўлими мудири Ёсинхон Фахриддинов. - Бу билан беморларни соғайтириш тезлашади, уларнинг меҳнат қобилиятларини тиклаш эса жадаллашади.

- Шикастланиш оқибатида оёғимдан қаттиқ жароҳат олгандим. Шифокорларга мингдан-минг раҳмат. Малакали мутахассислар амалга оширган операция боис саломатлигим яхшиланмоқда, - дейди Янгиқўрғон тумани Поромон қишлоғида яшовчи Акмалжон Мирзамуродов.

Иккинчи куни тиббиёт маркази мажлислар залида тадбирнинг назарий қисми давом эттирилди. Унда ВКТТМ вакилларидан ташқари шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларида хизмат қилаётган шифокорлар ҳам таклиф этилди. Тиббиёт фанлари номзоди Неъматжон Абдулҳақов "Узун найсимон суякларнинг битмаётган синиқлари ва ёлғон бўғимларини замонавий даволаш усуллари", тиббиёт фанлари доктори, профессор Ахрор Жўраев "Болаларда учрайдиган ортопедик касалликларни замонавий ташҳислаш ва даволаш усуллари", институт директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Мурод Солиев "Идеопатик сколиозларни жарроҳлик йўли билан даволаш", кичик илмий ходимлари Хуршид Шокиров ва Ҳусанбой Қосимовлар "Сон суяги туғма чиқишларида чаноқ сон бўғимларини эндопротезлаш" ҳамда "Кўкрак қафаси деформациялари" мавзуларида маърузалар билан чиқдилар.

- Наманганга ташрифимиздан мақсад пойтахтда қўллаётган илғор тиббий технологияларни минтақаларда ҳам жорий этишга эришишдан иборат. Шу билан бирга қуйи тизимларда фаолият юритаётган ҳамкасбларимизнинг тиббиётдаги янгиликлар, фан ютуқларидан воқиф қилиш орқали улар касбий маҳоратини оширишга кўмалаклашиш, - дейди Республика травматология ва ортопедия илмий текшириш институти директори ўринбосари Мурод Солиев. -Сир эмас, республика тиббиёт муассасаларининг касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш борасидаги салоҳияти юксак. Тўпланган илғор иш усуллари ва тажрибаларни вилоятларда ҳам оммалаштиришни ният қилганмиз.

Пойтахтлик олим-шифокорлар олиб борган "Маҳорат дарслари" ғоят қисқа фурсатда якунланган бўлсада машғулотлар чоғида тингловчилар ўзлаштирган даволаш ва диагностикага оид янгиликлар, замонавий технологиялардан фойдаланиш усуллари, билим ва кўникмалар травматология ва ортопедия соҳаси ривожида янги даврни бошлаб берди, десак муболаға эмас.

Абдулла ҒОЗИЕВ.