"Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида ўтказилаётган саломатлик акцияси доирасида пойтахтдан келган мутасаддилар ва малакали шифокорлар Наманган вилояти маҳаллаларида уйма-уй юриб, хастаҳол аҳоли вакилларининг ҳолидан хабар олиб, саломатлигини тикламоқда.

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори Азамат Юсупов наманганлик фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

- Тўрт йил аввал ўнг кўзим хира торт­ганида, операция орқали тикланганди, - дейди етмиш ёшли Фазлиддин ота Умаров. - Энди эса чап кўзимни парда босди. Китоб, газета ва журналларни ўқишга қийналиб қолдим. Юрагим сиқилиб, кўчага чиқсам, йўлларни кесиб ўтишда қийналяпман. Битта кўзим кўрмай қолгач, ёнга қараш учун бошимни ўша томонга буришимга тўғри келяпти. Операция қилдирай десам, бир неча миллион сўм керак, дейишди. Кампир иккимизнинг пенсиямизни ойма-ой тўплаб турган эдик. Буни қарангга, Худога қилган ноламизни эшитгандай, кутилмаганда бир гуруҳ дўхтирлар хонадонимиз остонасини ҳатлаб ўтишди.

Кимсан, пойтахтдан малакали кўз микрохирурги Азамат ака Юсуповни ўзлари келдилар. Кўришдик, суҳбатлашдик, мени тиббий кўрикдан ўтказди. Сўнг: "Сиз эртагаёқ Муҳаммаджон Қаюмовнинг Наманган шаҳридаги "Doktor Vision" хусусий кўз клиникасига борасиз. Тиббий текширувдан ўтказиб, сизни мен ўзим операция қиламан. Ҳамма хизматлар бепул амалга оширилади", - деди. Севинганимдан қулоқларимга ишонгим келмади. Шундай олийҳиммат инсонларнинг беминнат хизматларидан фойдаланаяпмиз. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига, биздек нуронийларга юксак эътибор кўрсатаётган Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтсак ҳам кам!

Халқимизнинг тиббий хизматдан розилигига эришиш аслида осон эмас. Лекин мутахассислар биргалашиб ҳаракат қилиши билан бунинг уддасидан чиқиш мумкинлиги хайрли акция давомида яққол намоён бўлмоқда. Биргина кўз касалликларидан озор чекаётган ўнлаб, юзлаб беморларни йўқлаб, диагностика текширувларидан ўтказиб, даволаш ишларини бепул амалга оширилмоқда. Ҳатто, жарроҳлик амалиётлари ҳам ҳеч қандай тўловларсиз ўтказилмоқда.

- Кўзимда парда бор эди, - дейди клиникага ётқизилган Наманган туманидаги Гулдиров маҳалласида яшовчи қария Худойберди ота Жўраев. - Ўтган куни тошкентлик дўхтир хонадонимизга кириб келди. "Ҳеч ташвишланманг, оғриқсиз операция ўтказамиз, бутун оламни яна кўзингизга чароғонлаштириб юборамиз!" дея кўнглимни тоғдек кўтарди. Энг муҳими, биздан ҳеч қандай сарф-ҳаражат талаб этилмас экан. Барчаси давлат ҳисобидан қопланади, дейишди. Шундай инсонпарвар юртда яшаётганимдан фахрланаман.

Наманган шаҳридаги Янгийўл маҳалласида истиқомат қилувчи Дилоромхон Жўраеванинг хурсандликлигини айтмайсизми.

- Ўттиз йил болаларга таълим-тарбия берганман, - дейди онахон. - Ке­йинги икки йилда кўзларимдан нур кетди. Кўриш қобилиятим йўқола бошлади. Операция қилдириш учун қўлим калталик қилаётганди. Бахтимга шу акция ўтказилиб қолди. Бепул кўрикка йўллашди. Ҳозир имтиёзли равишда операция қилишга тайёргарлик кўришаяпти. "Худо хоҳласа, катаракта асоратидан қутуласиз", дея таскин беришди шифокорлар.

Президентимизнинг даъватлари билан наманганлик дардмандларга саломатлигини қайтараётган меҳридарё шифокорларимиз умридан барака топсин!

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов бошчилигида кичик гуруҳ ўн кунлик акциянинг фаол қатнашчилари сифатида катта ишларни уддалашга енг шимаришган. Кеча маҳаллама-маҳалла юрган бўлса, бугун яна ўзлари йўлланма берган беморларни Наманган шаҳридаги "Doktor Vision" хусусий клиникасида даволашмоқда. Бир кунда ўндан ортиқ жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли якунлашмоқда.

Содиқ САЙҲУН.