ЧУНКИ ВИЛОЯТ БОЛАЛАР КЎП ТАРМОҚЛИ ТИББИЁТ МАРКАЗИНИНГ УРОЛОГИЯ ВА ЎСМИРЛАР ГИНЕКОЛОГИЯСИ БЎЛИМИДА БИРИН-КЕТИН ЎН ИККИ НАФАР КИЧИК БЕМОРЛАРГА ПОЙТАХТЛИК ЖАРРОҲЛАР НАЖОТ БАҒИШЛАШДИ
- Наманганнинг бу шифо маскани жамоаси билан кейинги пайтда мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганмиз, - деди Тошкент педиатрия илмий-амалий тиббиёт болалар маркази 1-хирургия бўлими бошлиғи,тиббиёт фанлари номзоди Хуршид Сатторов. - Бу галги 4-ташрифимиз "Бор меҳримиз шу Ватан,шу халқ учун!" акциясига тўғри келди. Беҳад хайрли ва савобли ишга ҳисса қўшаётганимиздан жуда мамнунмиз. Сафдошим Қуддус Абдуллаев, Тошкент педиатрия тиббиёт институти доценти Ҳусниддин Ҳотамовлар биргаликда кун давомида фаол амалиёт билан машғул бўлдик. Аслини олганда Наманганда болалар урологик жарроҳлиги пойтахтдагидек ривож топган. Дўстимиз тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза Нурматов бой тажриба соҳиби. Шу боис ҳамиша ёнма-ён ишлаб, деярли кутилган натижаларга эришиб келяпмиз. Бугун эса мураккаб реконструктив пластик операциялардан бир нечасини уддаладик.
Биз жарроҳларнинг ҳар бир бемор операциясини ярим соатдан бир соатгача, ҳатто ундан зиёдроқ вақт ичида сифатли амалга оширишгани шоҳиди бўлдик. Ахир врачларнинг юзларидаги ёқимли табассум, ота-оналарнинг кўзларида халқаланган севинч ёшлари бежиз эмас эди-да.
- Етти ойлик Исломжоним ўнг буйрак тарафи шишиб, яхши ёзилолмасдан қийналарди, инграб йиғларди, - дейди Мингбулоқ туманининг Мустақиллик маҳалласида яшовчи Муҳайё Абдуназарова.- Омадимиз бор экан, пойтахтлик уролог-жарроҳлар боламнинг жонига ором бағишлашди. Ўттиз дақиқада пластик операциядан чиқди. Кўнглим ўрнига тушди.Она учун чақалоғининг соғайишини кўришдан ортик бахт қаерда?! Илоҳим, халқига меҳрибон Юртбошимиз омон бўлсинлар! Оқ халатли нажоткорларнинг моҳир ва мўъжизакор қўлларига асло кўз тегмасин!
Худди шундай олқишларни поплик 5 ёшли Оллоҳёрнинг онаси Маҳфузахон ҳамда косонсойлик 2 ёшли Озоджоннинг онаси Дилафрўзхон каби ўн чоғли аёллардан ҳам эшитишди юқори малакали, олиҳиммат жарроҳлар. Чунки улар тери орқали пункцион нефростомия операцияларини ўтказишди. Болаларнинг туғма ривожланиш нуқсонларини бартараф этишди. Пиелопластика, уретропластика амалиётлари туфайли кичик беморлар сийдик йўли дардларидан фориғланишди, саломатликлари тикланди.
Демак, Наманганда соғлом авлод вакиллари сафи яна бир нечага кўпайди. Лекин, шу билан бу эзгу ҳаракат тўхтатиб қўйилмайди. Олис-олис қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий кўрикларда хасталиги аниқланаётган бирорта бола меҳр ва эътибордан сира-сира четда қолмайди. Бундан буён Президентимиз топшириқларига биноан шифокорлар ҳам маҳаллабай ишлаш тамойилига қатъий амал қилиб боришади.
Содиқ САЙҲУН.