Наманган шаҳридаги Шарқ тонги маҳалласи, Тошкент кўчасидаги 5-уйда ўта ночор ва ўзгалар қаровига муҳтож инсонлар яшайди. 92 ёшли Марҳабат ая икки қизи билан торгина ҳовлида истиқомат қилади. Кексалик боис онахоннинг саломатлиги ёмонлашиб, кўзлари кўрмай қолган. Катта қизи 71 ёшли Саломатхон ая эса неврологик хасталик туфайли тўшакка михланиб ётибди. Хайриятки, кенжа фарзанд Кароматхон ая уларнинг корига яраб турибди. Бироқ кейинги пайтларда яқинлари парвариши билан шуғулланаётган инсоннинг соғлиғида ҳам айрим муаммолар юзага келаётганди. Яъни, унинг қадди тобора букилиб бораётганди. Ташвиш устига ташвиш ортаётганди. Бугун мазкур оила аъзолари учун кутилмаган воқеа юз берди.
Вилоятда қизғин тус олган "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остидаги саломатлик акцияси доирасида хонадонма-хонадон кезаётган таниқли шифокорлар гуруҳи аъзолари эҳтиёжманд оила ҳузурида бўлди. Пойтахтимиздан ташриф буюрган кутилмаган меҳмонлар уч онахоннинг саломатлигини кўздан кечиришди. Совғалар берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Лазиз Тўйчиев Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокидаги самимий суҳбат чоғида қарияларга меҳр кўрсатиш масалаларига эътиборни қаратди. Энг асосийси - нуронийлар саломатлигини мустаҳкамлаш, хонадон саронжом-саришталиги ва уйларни таъмирлаш юзасидан амалий ишлар қилинадиган бўлди.
- Дунёдаги энг катта бойлик инсон саломатлиги экан. Соғлом ҳаёт қадри нақадар беқиёслигини чуқур ҳис этяпмиз. Бизнинг ҳолимиздан хабар олиш учун қадам ранжида қилган саломатлик посбонларига чин дилдан ташаккур билдирамиз. Эл бахту саодати йўлида ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимизга минг раҳмат,- дейди етмишинчи баҳорни қарши олаётган Кароматхон ая Исоқова.
Тошкент тиббиёт академияси проректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Турдиқул Бобомуродов ва унга ҳамроҳ бўлган ишчи гуруҳи аъзолари ва бир гуруҳ шифокорлар шу кўчадаги 13-уйга ҳам киришди. Бу ерда юрак туғма нуқсонидан азият чекаётган Муаттар Муқимованинг саломатлиги ҳолати ўрганилди. Онаси Муқаддас Орифжонова иштирокида қизни соғломлаштириш юзасидан фикрлашилди. Юқори технологик қурилмалар воситасида беморни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва текширув якунларига қараб даволаш чораларини белгилаш борасида тавсиялар берилди.
- Қизимнинг соғлиғидан қайғуриб хонадонимизга таниқли докторлар келиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Эл дардига дармон бўлаётган, сурункали касалликка чалинганларни оёққа турғизиш учун маҳалла кезаётган олиҳиммат, меҳридарё шифокорлар олдида таъзимдаман, - дейди М. Орифжонова.
Маҳаллабай кесимидаги фаолият давомида шаҳарнинг олис Бунёдкор маҳалласидаги Машҳура Тошхўжаева хонадонига ҳам борилди. Хонадонда вояга етаётган етим фарзандларнинг соғлиғи назоратдан ўтказилди. Уларда аниқланган касалликларни барвақт даволаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
- Элпарвар мамлакатимизда бева-бечора кишилар, етим-есирларга кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрликлар, хайру саховат ишлари кўлами ортиб бормоқда. Тиббиёт соҳаси фидойиларининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ҳам таҳсинга лойиқ,- дейди Машҳура Тошхўжаева.
Ҳар куни вилоятдаги юзлаб кам таъминланган, "Темир дафтар" рўйхатига киритилган инсонлар яшайдиган оилаларга республикамизнинг етакчи тиббиёт марказларидан келган юз эллик нафардан зиёд раҳбар ва олимлардан иборат шифокорлар гуруҳи ташриф буюриб, хастаҳолларнинг саломатлигини мукаммал кўрикдан ўтказяпти. Сурункали ва оғир дардга чалинган беморларни туманлардаги, вилоят ва пойтахтдаги тиббиёт марказларида касалликдан халос этиш тадбирлари кўрилмоқда. Бинобарин, бир ҳафта ичида йигирмадан ортиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Халқ бахту саодати йўлидаги бу эзгу амаллар юртдошларимизни беҳад мамнун этмоқда. Хайрли ишлар бардавомдир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.