Февралнинг иккинчи ўн кунлигида Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов бошчилигидаги 15 нафар профессор ва доцентлар вилоятимиз аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш учун камарбаста бўлишди.

Улар Учқўрғон, Норин туманларидаги хонадонларга киришиб, аҳолининг эҳтиёжманд тои­фаларига зарур тиббий ёрдамларни кўрсатишди. Соғлигида муаммоси бор фуқаролар саралаб олиняпти. Пировардида эса вилоят марказида эмас, балки туман шароитида травматологик, гинекологик, урологик ҳамда пластик-реконструктив операциялар ўтказишди.

Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тиббий ёрдам бўлимида "Темир дафтар"да турган, кам таъминланган, эҳтиёжмандларда қатор юқори технологик операциялар муваффақиятли бажарилганлиги таҳсинга сазовор.

Султонхон Шодиева 61 ёшда, тўрт нафар фарзанднинг онаси, кўплаб набираларнинг бувиси. У қорин соҳасидаги қаттиқ оғриқ туфайли шифохонага келтирилди. АДТИ ректори М. Мадазимов ва малакали жарроҳ Б. Темировлар беморни жарроҳлик йўли билан дард­дан бутунлай халос этишди. Ноёб турдаги мураккаб амалиёт - қорин чурраси тўрт соатдан ортиқ вақт мобайнида бартараф этилди. Бугун унинг кўзларида табассум зоҳир.

- Таниқли жарроҳларнинг юксак маҳорати боис дардим ортда қолди. Ҳозир аҳволим яхши, худога шукур. Ҳеч қандай маблағсиз, хайрли тадбир шарофати билан соғлигим тикланди. Беқиёс ғамхўрлик учун элпарвар Юртбошимизга раҳматлар айтамиз.

Бугина эмас, олим шифокорлар Нилуфар Раҳимжоновада "Қорин, ўнг қўл кафти, иккала сон ва иккала бўғим соҳасини чандиқли деформацияси", Каромат Зокировада "Бўйин ва ўнг елка бўғимини чандиқли тортилиши", Муяссар Икромжоновада "Холецистоэктомия", Достонбек Режабовда "Чап томонлама герниотомия, Жирар Кимбаровский бўйича пластика" каби ноёб турдаги жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли бажаришиб, уларнинг нажоткор-халоскорларига айланишди.

- Энди вилоят марказига боришга ҳам хожат қолмаганидан суюндик, - деди Мадина Ҳайдарова. - Онамнинг саломатлиги ортиқча оворагарчиликсиз яхшиланяпти. Хонадонимизга шодлик улашаётган, яқинларимиз соғлигини тиклаётганлардан беҳад миннатдормиз.

-Халқимизни фаровон турмуши, бахтли ҳаёти учун доимо хизмат қилишдан чарчамаймиз, - дейди ректор М. Мадазимов. - Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун" шиори остида ўтказилаётган саломатлик акция­си бизни одамлар билан янада яқинлаштирди. Шу кунгача мутахассисларимиз қўлларида керакли тиббий ускуналари билан икки мингдан зиёд хонадонларга киришиб, қимматли маслаҳат ва тавсияларни бердилар. Зарурий тиббий ёрдамлар кўрсатишди. Улар орасидан юқори технологик операцияларга муҳтожларни топиб, "Темир дафтар" рўйхатидаги 12 нафар эҳтиёжманд одамда ноёб турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказдик. Яна 8 нафар бемор мураккаб операцияга тайёрланяпти.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, институтнинг кардиолог, нев­ропотолог, эндокринолог, травматологлардан иборат ихтисослашган "Мобиль гуруҳи" Норин туманидаги чекка қишлоқлар аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.