Андижон Давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходими Фурқат Санаевлар унинг хонадонига ногиронлар аравачаси билан кириб келишганларида кўзларига ишонолмади. Ўша лаҳзада ундан-да бахтиёр инсон йўқ эди. Отахон ҳайрат ва ҳаяжон билан аравачага ўтирар экан, беихтиёр мижжаларида севинч кўз ёшлари қалқиди:
- Ҳасса билан юришга қийналаман, гоҳида бошим айланиб йиқилиб тушаман. Ногиронлар аравачаси бўлса, кўчаларга чиқиб сайр қилсам, одамларни кўрсам, чойхоналарда тенгқурларим билан дилдан суҳбатлашиб, ўз уддамдан ўзим чиқсам, дердим. Бугун эса умидимни сизлар ушалтирдингиз!
Шодлик маҳалласининг Олмазор кўчасидаги 2-уйда истиқомат қилувчи 70 ёшли Усмонжон Болтабоев бош мия қон айланишининг бузилиши туфайли тўрт йилдан буён юра олмайди. Ушбу хонадон аъзолари ҳам мурувват соҳибларидан беҳад мамнун бўлишди.
- Тинч, тўкин-сочин юртда яшаяпмиз, - дейди у кишининг умр йўлдошлари Фаридахон буви. - Қачондир олим-шифокорлар ўзлари келиб ёрдам беради, дейишса эртакка ўхшарди. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин, сиздек саховатпеша инсонлар кўпаяверсин!
Бахт маҳалласининг Ўлжатўпи кўчасидаги 7-уйда яшовчи салкам юз ёшга яқинлашиб қолган Сотқиной момонинг ҳам кексаликми оёқлари ўзига бўйсунмасди. Бир йилдан буён ташқарини фақат дераза ойналаридан кузатарди. Хайрли туҳфа туфайли энди онахонни фарзанду набиралари ҳовлига олиб чиқиб, мусаффо ҳавода сайр қилдиришади.
- Юртбошимизнинг умрлари узоқ бўлсин! Шундай муборак кунларга етказганига шукур, кексаларни эъзозлаганларнинг ўзларини Аллоҳим эъзозласин! - деди момо мамнуният билан қўлларини дуога очиб.
Манзура ЭРГАШЕВА.