Наманган вилоятида кечаётган "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" саломатлик акцияси доирасида тиббиёт муассасалари моддий-техник имкониятларини равнақ топтиришга ҳам эътибор қаратиляпти. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан юборилган замонавий  диагнос­тика тиббий жиҳозлари вилоятга етиб келди. 62 дона электрокардиограф, 30 дона ультратовуш текшируви аппарати, 3 дона кардиоманитор шулар жумласидандир.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини ривожлантириш лойиҳаси бўйича хориждан олиб келинган асбоб-ускуналарнинг умумий қиймати 3 миллард 713 миллион сўмдан ортиқдир. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Ойбек Турдиматовнинг қайд этишича, бу тиббий диагностика анжомлари қишлоқлардаги 62 та оилавий поликлиникаларга тақсимланади.

Бугун янги тиббий аппаратларнинг дастлабкиси Янги­қўр­ғон ва Чуст туманларидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига жўнатилди. Жумладан, вилоятдан анча олисдаги Исковот қишлоғидаги оила поликлиникасида ушбу аппаратларни ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Улар воситасида бугун-эрта қишлоқ аҳли саломатлигини текшириш жараёнлари бошланади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.