Анжуманнинг назарий қисми "Туркистон" тантаналар мажмуида кечди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдулҳоди Иминов семинарни очар экан, меҳмонларни Наманганга ташрифлари билан қутлади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Рихси Солиходжаева тиббиётда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ ҳамширалик ишини янада такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилганлигини таъкидлади. Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва вазирликнинг тегишли буйруқларида белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этилиши билан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини тубдан яхшилаш мумкин.
Нотиқ оила ҳамшираси томонидан юритиладиган тиббий ҳужжатлар, қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамшираларининг юклама меъёрлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Кун тартибидаги масалалар муҳокамаси чоғида Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Қўрғонча қишлоқ врачлик пункти катта ҳамшираси Зулхумор Омонова "Ҳамширалар фаолиятини рейтинг баҳолаш тизимида катта ҳамширанинг роли", Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги Дилкушод қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамшираси Муқаддас Каримхўжаева "Бирламчи тиббий санитария муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган патронаж хизматида оила ҳамширасининг вазифалари", Тўрақўрғон туманидаги Файзиобод қишлоқ врачлик пункти катта ҳамшираси Муҳаббат Имомалиева "Қишлоқ врачлик пунктларида олиб борилаётган профилактик йўналишдаги тадбирларни амалга оширишда патронаж ҳамширасининг ўрни", Уйчи туманидаги Ёркатай қишлоқ врачлик пункти катта ҳамшираси Феруза Маҳкамова "Қишлоқ врачлик пунктларида ўрта тиббиёт ходимларининг узлуксиз касбий таълим йўналиши борасидаги ишларни амалга оширишда катта ҳамширанинг вазифалари" мавзулардаги маърузалар билан чиқдилар.
Ҳамширалик ишини ташкил этишнинг замонавий усуллари билан боғлиқ баҳс-мунозаралар қизғин тус олди. Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Санъатхон Каримова, Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Муҳаббат Турсунова, Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Раъно Аҳмедова, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Анифе Жикина, Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Одина Мақсудова, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Гулнора Тожибоева, Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамширалик иши бўйича бош мутахассиси Райҳона Мансурова, Наманган шаҳридаги 3-оила поликлиникаси бош ҳамшираси Донохон Низомова ва бошқалар тиббий ҳужжатларни юритиш, рейтинг тизими бўйича баҳолаш мезонлари юзасидан қимматли таклифларни ўртага ташладилар, ўз иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Семинарнинг амалий қисми Уйчи туманида давом этди. Қатнашчилар тумандаги Яккатут ва Ёркатай қишлоқ врачлик пунктларида жорий қилинаётган янгиликлар билан танишдилар. Жумладан, Яккатут ҚВП мудири, олий тоифали умумий амалиёт врачи Рустамжон Эргашев қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолият самарадорлигини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини таъминлаш натижалари ҳақида гапириб берди. Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Лобархон Машрапова эса ўрта тиббиёт ходимлари касбий маҳоратини юксалтириш мақсадида ҚВПларда ташкил этилган ўқув хоналарининг аҳамиятини изоҳлади.
- Наманганда уюштирилган анжумандан жуда катта таассурот олдик, - дейди Андижон вилояти Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Шодлик Солиева. - Аввало меъёрий ҳужжатларни юритишга оид қатор муаммоли масалаларга ойдинлик киритилди. Қолаверса, ҳамкасбларимиз жорий этаётган кўплаб янгиликлардан бохабар бўлдик.
Куннинг иккинчи ярмида Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан бир гуруҳ фаолларга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси раиси Гулнора Усмонова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар саломатлик посбонларини қутлуғ сана билан муборакбод этишди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.