Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси - шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари қоида тариқасида давлат соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасаларининг даволовчи шифокорлари томонидан берилади.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати, шифохоналарнинг қабул бўлимлари, суд-тиббий экспертиза муассасалари, пансионат ва санаторий-курортлар (сил касалликлари санаториялари бундан мустасно), физиотерапия, даволаш физкультураси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасаларнинг шифокорлари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ҳақли эмас.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ишламайдиган шахсларга, иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилида бўлган шахсларга ва ҳарбий хизматчиларга берилмайди.
Э. ТОШМАТОВ,
Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш маркази етакчи юрисконсульти.