Вилоят эндокринология диспансери мутахассислари ҳам саломатлик акциясида фаол қатнашдилар. Хонадонма-хонадон юрган эндокринологлар томонидан инсон ҳаёти ва фаолияти учун энг муҳим восита ҳисобланган қалқонсимон без фаолиятини бузилиши билан боғлиқ хасталикларга гумон қилинганларни аниқлашди. Сўнгра вилоятга келган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг олим-шифокорлари қабулига йўллашди.

Диспансерда барча диагностик текширувлардан ўтганларга, яъни даволанишга муҳтож кексалар, ногиронлар, кам таъминланган ва "Темир дафтар" рўйхатидаги шахсларга имтиёз бериляпти. Улар орасидан жарроҳлик амалиётига муҳтожлар сараланиб, операциялар юксак маҳорат билан ўтказилди.

Марҳабо Мусаева - Норин туманидан, 2 нафар фарзанднинг онаси. У олти йилдан буён тугунли буқоқ хасталигидан азият чекарди. Кейинги кунларда нафас олиши қийинлашиб, ютинганида оғриқлар пайдо бўлди. Хайрли тадбир шарофати билан муаммо барҳам топди.

Акция доирасида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг хирургия бўлимида РИЭИАТМ эндокринжарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Муроджон Рашидов, вилоят эндокринология маркази бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳамаджон Ваққосов, марказ жарроҳлик бўлими мудири Ғайратжон Икромовлар Марҳабо Мусаева, поплик биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Бусобра Асилбекова ва бошқа беморларда мураккаб жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтказишди. Қўли енгил жарроҳларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли улар оғир дарддан бутунлай халос бўлишди.

Манзура ЭРГАШЕВА.