Айни кунларда вилоятимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида саломатлик акцияси ўтказилмоқда. Тадбирнинг дастлабки куниёқ ғоят самарали кечди. Мамлакатимизнинг юз эллик нафарга яқин таниқли шифокорлари маҳаллий ҳамкасблари билан кўплаб оилалар ҳолидан хабар олиб, турли сурункали хасталиклардан азият чекаётган беморларни соғайтириш чораларини кўрдилар.
Пойтахтлик шифокорларнинг Тўрақўрғон туманидаги фаолияти туфайли оғир касалликлар сабаб уйида ётиб қолган инсонларда дарддан ҳалос бўлиш умиди уйғонди. "Шоҳидон" оилавий шифокорлик пункти мудираси Мавлуда Муродова меҳмонларни Гулистон маҳалласида истиқомат қилаётган беморлар ҳузурига бошлади.
Истиқлол кўчасидаги 21-уйда 16 ёшли Исломжон Тўхтабоев яшайди. Спортнинг кураш турини танлаган полвон мусобақа пайтида олган жароҳати туфайли саломатлигини йўқотган эди. Хонадонга бир гуруҳ саломатлик посбонларининг кириб келиши нафақат йигитни, балки унинг оила аъзоларини ҳам қувонтирди.
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази бош директори ўринбосари Илҳом Раҳимов бемор билан мулоқотда бўлди. Касалликни даволаш бўйича кўрилган чоралар билан танишди. Исломжоннинг кўриш қобилиятини тиклаш масаласида ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
- Давлатимизга мингдан-минг раҳмат. Ночор инсонларга шу қадар ғамхўрлик кўрсатиляпти. Тошкентдан келган докторлар кўнглимизни кўтаришди. Фарзандимизни соғломлаштиришда мадад берилаётганидан беҳад мамнунмиз, - дейди Исломжоннинг онаси Нилуфар Розиқова.
Шу кўчада яшовчи Қаҳҳоровлар хонадонида улғаяётган 3 ёшли Гулёранинг саломатлигида ҳам муаммо бор. У туғма касалликка чалинган. Кўришда қийналади.Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, педиатр Дилмурод Исмоилов қизалоқдаги дардни таснифлаб берди. Мутахассислар Гулёранинг ҳам саломатлигини тиклаш юзасидан амалий тадбирлар кўрилиши ҳақида айтишди.
Тўрақўрғон шаҳридаги Бирлашган маҳалласида яшовчи 11 ёшли туғма ногиронлиги бўлган Саида Абдумажидованинг ҳузурига келган тиббиётчилар унинг соғлиғи ҳолатини ўрганибгина қолишмади. Ҳаракатланишда қийналаётган қизчага аравача туҳфа қилишди.
- Фарзандимга ҳадя этилган совғадан жуда ҳам қувондик, - дейди Умида Акбарова кўзларида севинч ёшлари билан. - Энди у ҳам кўчаларни сайр қилиш, олам гўзалликларидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга. Бунинг учун акция ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Республикамиз таниқли шифокорларнинг Наманган туманидаги фаолияти ҳам ўнлаб дардман одамларга қувонч ато этди, десак муболаға эмас. Бу ҳудудда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази вакиллари аниқ манзилларда тиббий хизмат кўрсатишди.
Катта Тошбулоқ маҳалласи Истиқлол кўчасидаги 52-уйга пойтахт ва вилоятнинг етук шифокорлари келишди. Чунки, 16 ёшли Самандар Турсунов туғма юрак нуқсонидан қийналар эди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Хуршид Фозилов марказнинг Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов билан бемор ўсмирни тиббий кўрикдан ўтказишиб, унинг саломатлигини яхшилаш юзасидан зарур тавсиялар беришди. Шу тариқа Турсуновларнинг қўшниси Дилбархон ая Нурматова ҳам набираси - бир ёшли Иродахоннинг юрагидаги нуқсонни бартараф этиш бўйича тажрибали докторлардан зарур маслаҳатлар олди.
Орзу кўчасида яшовчи, 74 ёшли отахон Турсунали Турсунов бир кўзини операция қилдириб, даволатган эди.Энди бўлса чап кўзида ҳам хираланиш кузатилмоқда. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов қариянинг кўзларини мураккаб қурилма воситасида кўрикдан ўтказди. Тажрибали шифокор касалликка аниқ ташхис қўйди ва даволаш чораларини белгилади.
- Хаёлимга ҳам келмаган иш бўлди. Элга танилган шифокорларнинг маҳалламизга, ҳатто уйимизга келиб, соғлиғимиздан хабар олишлари жуда хайрлидир. Одамлар соғлиғи ҳақида қайғураётган, чексиз ғамхўрликлар кўрсатаётган Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз,- дейди нуроний.
Бундай дил изҳорлари Паст Қиёт маҳалласи, Жар кўчасидаги 55-уйда яшовчи юрак туғма нуқсонли Аъзамжон Абдусаматов ва бошқа инсонлар томонидан ҳам айтилди. Зеро, халқ саломатлигини мустаҳкамлашдек эзгу мақсад билан маҳаллабай тарзда, хонадонма-хонадон юрган шифокорларнинг бугунги саъй-ҳаракатлари чиндан ҳам таҳсинга лойиқ.
Саломатлик акцияси эса барча шаҳар ва туманларда изчил давом этмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.