дейди 19 йилдан буён иккала чаноқ сон бўғим суягининг емирилиши касаллигидан азият чекиб келган Дилбархон Қодирова
Наманган шаҳар Машраб маҳалласи, Ёғду кўчасида истиқомат қилувчи Дилбар опанинг хонадонига кутилмаган меҳмонларнинг ташрифи унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди. 11 февраль ҳаёт саҳифаларида янги зарварақларини очди, десак ҳам асло муболаға эмас. Чунки у ўн йилдирки мустақил юриш имкониятидан маҳрум. Чаноқ сон бўғими соҳасидаги суякнинг емирилиши оқибатида қўлтиқтаёққа михланиб қолган эди.
- Тошкент шаҳридан таниқли шифокорларнинг уйимга кириб келишларини ҳеч қачон кутмаган эдим. Уларнинг ташрифи мен учун гўё ширин тушга ўхшади. Лекин бу асло тушиммас, ўнгим эди, - деди у биз билан суҳбатда. - Пойтахтлик профессорлар ҳолатим билан обдон танишишди. Касалликни фақат жарроҳлик йўли билан даволаш мумкинлигини айтишди. Тўғриси, мен бу қимматбаҳо операция ҳақида ҳам илгарилари эшитган эдим, лекин маблағимиз етишмаганлиги сабабли қилдиролмагандик. Турмуш ўртоғим электр тармоқлари корхонасида ишлайди, 2 нафар фарзандимиз бор. Рўзғордан, болаларнинг камчилигидан орттиролмадик. Шунинг учун қанчалик қийналсамда қўлтиқтаёққа суяниб қолганман. Қўлтиқтаёқда юриш ҳам майли, юрганимда иккала оёғим зирқираб оғрийдики, кўз ёшларимни ҳатто яқинларимга ҳам кўрсатолмасдим.
Тошкентдан келган профессор Мурад Эргашевич Ирисметов биздай ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга Юртбошимиз томонидан жуда кенг имкониятлар яратилгани, операциянинг ҳеч қандай маблағсиз текинга ўтказишларини айтганларида, ўзим, фарзандларим, айниқса кекса ота-онам, барчамиз йиғладик. Менга мустақил юриш бахтини улашиш учун хонадонимга ташриф буюрган соғлиқни сақлаш ходимларини туни билан дуо қилиб чиқдик.
Бугун шифохонага жойлаштиришди. Амалиёт учун керакли тайёргарликларни кўришяпти. Саноқли дақиқалардан кейин операция столида бўламан, жудаям ҳаяжондаман, ахир ўн тўққиз йиллик орзуларим ушаляпти, шифокорлар дардимга дармон бўлаётганидан миннатдорман, иложи бўлса ташаккуримни Президентимизга етказиб қўйинглар...
Бугун Янги ҳаёт маҳалласи, Заркент кўча, 12 уйда яшовчи Ёқутхон Абдуллахонованинг ҳам қувончи чексиз. Ўтган йил 1 апрель куни бахтсиз тасодиф туфайли йиқилиб тушган, унинг оқибатида сон суяги бўйнидан синиб, битмаган. Мана ўн ойдирки тўшакка михланиб қолган эди...
- Кеча уйимизга бир гуруҳ шифокорларнинг кириб келиши мени жудаям қувонтирди. Улар ҳол-аҳволимни сўрашиб, оёқларимни кўздан кечиришди. Тўғриси, ўтган йили ёмғирда сирпаниб кетиб йиқилиб тушганимда шифохонада даволангандим, кейин имкониятим бўлмади. Чунки, шифокорлар хориждан сунъий бўғим сотиб олиш кераклигини айтишган, пулимиз йўқлиги сабабли операция қилдиролмадик. Ўғлимни ҳам қўли калталик қилди. Ўшандан буён сиқиламан, тушкун аҳволдаман. Чунки 14 йилдан буён "Аснам Текстил"да фаррош бўлиб ишлаётгандим. Ёлғиз ўзим 2 нафар фарзандимни вояга етказгандим. Эндигина пенсия ёшига етай деганимда, ётиб қолдим. Илтижоларим Аллоҳга етиб борди, врачлар мени бепул операция қилишларини айтишганларида ҳайратландим. Ахир қимматбаҳо операция-я!
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёлғиз, эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида эшитиб, юрагим энтикканди. Лекин ўзим ҳам ана шу меҳру-муҳаббат, эътибор ва ғамхўрликка сазоворланаман, деб ўйламагандим. Бугун мендан бахтли аёл, мендан бахтли она, мендан бахтли буви бўлмаса керак. Халоскорларим касалликдан фориғлантириш учун ўзлари уйимдан опкелишиб, хизматга шай туришибди. Шифохонадаги бири-биридан самимий, ширинсўз, меҳридарё беминнат шифокорларни кўриб, юрагимдаги қўрқув йўқолиб, ўзимга ишончим ортяпти. Албатта, жарроҳлик амалиётидан эсон-омон чиқиб, оилам, фарзандларим бағрига ўз оёқларим билан юриб бориш бахтига мушаррафланаман.
Дарҳақиқат, инсон ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган чаноқ сон бўғими шикастлари ва касалликлари билан оғриганларнинг оператив даволашнинг ягона усули сунъий бўғимга алмаштириш. "Темир дафтари"да турувчи беморлар Дилбар Қодирова ва Ёқутхон Абдуллахоноваларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва соғлом ҳаётга қайтариш ҳам юқори технологик операцияни талаб қиларди.
"Бор меҳримиз шу Ватан, шу ҳалқ учун!" шиори остидаги саломатлик акцияси доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали травматология бўлимида Д. Қодировада "Коксаартроз, чап чаноқ сон бўғимини тотал эндопротезлаш", Ё. Абдуллахановада эса "Ўнг сон суяги бўйнидан синишидан кейинги сохта бўғими" ноёб амалиётига киришилди.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурад Ирисметов, марказнинг бўлим раҳбари Азиз Алимовларга РШТЁИМ Наманган филиали травматология бўлими мудири Неъматжон Юсупов, травматологлар Шоҳруҳ Қобулов, Акмалхон Мамадалиевлар ёрдам бериш асносида, малакаларини мукаммаллаштиришди. Ҳар икки бемордаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.
Манзура ЭРГАШЕВА.