Улар Тошкентдан келишиб, маҳаллаларда хонадонма-хонадон юришиб, хастаҳоллардан хабар олишмоқда

Туман тиббиёт бирлашмасида барвақт йиғилишган врачу ҳамшираларга Собиржон Шоматов ўн кунлик муҳим тадбир ҳақида қисқа ва лўнда тушунча берди.

- Республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларининг вилоятимизга ташрифидан ғоят самарали фойдаланиб қолишимиз керак, - деди у алоҳида таъкидлаб. - Аввало, "темир дафтар"дагиларнинг хонадонларига бошлаб кирасизлар, ке­йин оғир аҳволдаги ногиронларни ҳам кўрсатасизлар. Меҳмонлар туманимизда ётиб қолиб ишлашади. Эртадан кечга қадар ҳар бир бригада камида ўттизта хонадон остонасини ҳатласин. Агар бешта бригада фаолият юритса, ўн кун давомида қарийб икки минг хонадонда яшайдиган аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Вақт зиқ, бирор дақиқа зое кетмасин. Оилавий шифокорлару патронаж ҳамширалар меҳмонларга ҳамроҳ, йўлбошловчи бўлиб юрасизлар. Юқори натижадорликка эришишга астойдил ҳаракат қилиниши зарур.

Ниҳоят меҳмонлар кўп тармоқли марказий поликлиника олдида кутиб олиндилар. Аввалдан шакллантирилган муваққат тиббий бригадаларга Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерлик-гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари етакчи-ҳамкор қилиб қўйилди. Уларнинг дастлабки йўналишлари - Ингичка, Меҳнат­обод, Қизилқум, Жомашўй ва Уюрчи-Дамкўл маҳалларига белгиланди.

Мана, Меҳнатободга етиб келган махсус тиббий биригада ўз фаолиятини Собира Жуманованинг аҳволини кўздан кечиришдан бошлади.

- Грижадан озор чекаман, гоҳ-гоҳ орқа миям қисиб оғрийди, - дея ҳолатини баён этди дардманд аёл. - Асли касбим ўқитувчилик эди. 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланиб ишга ярамай қолдим...

Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, олий то­ифали аллерголог Хушнудбек Аҳмедов беморни тинглагач, фонендоскопу тонометр ёрдамида унинг ички органлари жараёнини эшитиб кўрди, қон босимини ўлчади. Сўнгра энг зарур тавсияларни берди. Беморга катта умид бағишлади.

Кўчага чиқсак, ўрта ёшли йигит келиб саломлашди.

- Тошкентлик аллерголог врач маҳалламизда бемор кўриб юрганликларини эшитиб, ғоят қувондим, - деди у хурсандлигини яширмай. - Ўн тўрт ёшли жиянимни астма қийнайди, сизларга учрасинми?

- Ўзимиз уйларига кирамиз, - деди пойтахтлик мутахассис, сўнгра оилавий шифокор Зулфия Маҳкамовага қаради.

- Болани танийсизми?

- Ҳа, Тинчлик кўчасидаги 4-уйда бувиси билан яшайди.

- Унда ўша ёққа ўтайлик.

Остона ҳатлаганимизда Одина Алиеванинг боши осмонга етди. Невараси Жавоҳир Одилжонов обдон текширилди. Ҳолати аниқлангач, даво чоралари белгиланди. Ҳатто аэрозолни нафас йўлларига пуркаш йўл-йўриқлари амалда кўрсатилди.

- Жавоҳир сен энди Пефсалдан фойдаланишга ўтасан, бунинг яхши томони бор. Нафасни очадиям, даволайдиям, - деб таъкидлади Хушнудбек Аҳмедов.

Қўшни хонадондаги Мастура Иминжонова билан бўлган мулоқот кўп нарсани ойдинлаштирди. "Сайдана"даги томография асосида тавсияларга қўшимчалар киритилди. Туғма бронхоэктазнинг муолажалари тушунтирилди. Унинг дардини енгиллаштириш учун бепул даволаниш ордери бериш мақсадга мувофиқ деб топилди. Шу куни Меҳнатободнинг Тинчлик ва Охунбобоев кўчаларидаги қирққа яқин хонадонларда яшовчи хастаҳоллар тиббий кўрикдан ўтказилди.

- Уйимизга пойтахтдан келиб, соғ­лигимизни текшириб, зарур муолажалар белгилаб бераётган олийҳиммат врач-мутахассислар асло камлик кўришмасин, - деди меҳнат фахрийси Муҳаммадали Ўринов. - Кампирим Гулжамол мия инсультини бошдан кечириб, уйда ўн йилдан бери ўтириб қолган эди. Бугун жуда керакли маслаҳатлар олдик. Узоғимизни яқин қилдиларинг. Президентимизга бизни ўйлаб чиқараётган қарор ва фармонлари учун мингдан-минг раҳматлар айтамиз!

Мингбулоқ туманида 41 та маҳалла бўлиб, уларнинг бирортасига ҳам пойтахтлик шифокорларнинг қадамлари етмай қолмайди. "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида ўтказилаётган бу галги акциянинг қамрови кенг ва мақсади беҳад улуғвордир.

Содиқ САЙҲУН.