Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев бошчилигида Наманган вилоятида "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида ўтказилаётган саломатлик акцияси давом этмоқда.
Акция доирасида пойтахтлик малакали шифокорлар маҳаллабай кесимида бемор юртдошларимиз ҳолидан хабар олиб, уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатаяпти. Шунингдек, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига керакли тиббий буюмлар ҳамда бепул дори-дармонлар улашилмоқда.
Бу жараёнда биринчи навбатда сурункали хасталикка йўлиққан оғир беморлар ва оддий аҳоли олишга қурби етмайдиган қимматли ва ноёб дори воситаларини етказиб беришга эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, сурункали миелолейкоз, яъни миелоид туркумидаги ҳужайраларнинг ҳосил бўлиши бузилиши хасталиги билан оғриган беморларга зарур бўлган ноёб препарат бепул тарқатилмоқда. Оқибати эрта ўлим билан якунланиши мумкин бўлган ушбу хасталикка чалинганлар учун ушбу препарат сув ва ҳаводек зарур, десак адашмаган бўламиз.
- Сурункали миелолейкоз қон ишлаб чиқиш тизимининг ўсма касаллиги ҳисобланади, - дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош гематологи Ҳамида Муҳаммедова. - У 3 босқичда кечади: сурункали, қўзғалиш ва терминал. Бирламчи ташхис хасталикнинг исталган даврида қўйилиши мумкин. Ушбу ташхис қўйилган бемор тўқимасидан ҳужайраларда одатда учрамайдиган ҳолат, яъни 9- ва 22- хромосомаларнинг бирлашиб қолиши натижасида пайдо бўлган Ph-хромосома ҳали етилмаган, ўз фаолиятини бажара олмайдиган яроқсиз ҳужайраларни ишлаб чиқаради. Шу боис қонда яроқсиз оқ қон ҳужайралари кўпайиб кетади. Бу эса, инсон ҳаёти учун ўта хавфлидир.
Даставвал, ушбу касаллик фақатгина кимётерапия усулида даволанарди. Ҳозир эса, бу услубга муқобил сифатида турли препаратлардан ҳам фойдаланилмоқда. Тарқатилаётган препарат 17 йил аввал Ўзбекистонда рўйхатга олинган ва касалланишдаги ўлим кўрсаткичларини камайтиргани боис, бугунги кунда энг самарали дори воситаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистонда сурункали миелолейкоз билан 1700 нафар бемор рўйхатга олинган бўлиб, саломатлик акцияси доирасида Наманган вилоятида сурункали миелолейкоз билан оғриётган 84 нафар беморга дори воситалари мутлақо бепул равишда тарқатилмоқда. Бу, албатта, аҳоли саломатлигини тиклаш, уларнинг бахтли ва ҳаётдан рози бўлиб яшашлари йўлида хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.