ЁХУД ЖАРОҲАТСИЗ ТИББИЙ АМАЛИЁТНИНГ ҚУВОНЧЛИ САМАРАЛАРИ
Бугунги тиббиёт - кечаги тиббиёт эмас. Чорасизликда ҳам чора топадиган мутахассисларга эга. Пухта билимли, юқори малакали врачлар энг замонавий аппарат ва компьютерлашган техника воситаларидан ғоят усталик билан фойдаланган ҳолда жароҳатсиз жарроҳлик амалиётига қодир эканликлари туфайли авваллари мўъжиза деб тушунилган хаёлни ҳозирда ҳақиқатга айлантиришаётгани бор гап. Худди шундай ҳолат Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалида гоҳ-гоҳдагина эмас, ҳамиша ҳукм сураётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Айниқса, рентгенэндоваскуляр хирургия бўлимида оғир хасталиклардан озор чекаётган қанчадан-қанча беморлар ҳалокат гирдобидан қутқарилди, ҳаловат соҳилига олиб ўтилди, азобли оғриқлардан фориғлантирилди. Бошқача айтганда, умрларига қўйилаётган нуқтани вергулга айлантиришдек ҳайратли ҳодисага сабабчи бўлишяпти тиббиётнинг чинаккам зукко ва чечан фидойилари.
Эндиликда филиал водийга довруқ таратган. Унинг Акмалжон Жалилов (бўлим бошлиғи), Аброржон Абдуллаев ва Бахтиёр Камолиддиновдек интервенцион-кардиологлари мамлакатимиз пойтахтида фаолият юритаётган ҳамкасблари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатишган. Агар таъбир жоиз бўлса, Тошкентдан ташриф буюраётган устозлару олим-шифокорлар Наманганга меҳмон бўлиб келишса-да, филиалда ўзларини ҳар вақт мезбондек ҳис қилишадиган шароитлар яратиб қўйилган. Бу ердаги имкониятлар пойтахтдагидан асло қолишмайди. Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказининг интервенцион-кардиологлари Нодирбек Қаюмов, Шерзод Исҳақов ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази нейро-интервенцион врачи Амет Сейдалиевларнинг бу галги саъй-ҳаракатлари янада самарали якунлангани шундан далолатдир.
Операция ўриндиғига эндокрин касалликларга мубтало дардмандлар ётқизилди. Мутахассислар ўз олдиларига қандли диабетга чалинганларнинг перифирик қон томирлари зарарланишини интервенцион усулда бартараф этиш вазифаларини қўйишган эди. Бу ҳолат диабетик тўпиқ, яъни стотаз деб ташхисланади.
Масалан, Норин туманининг Ҳаққулобод шаҳридан келган 64 ёшли Абдуқаюм Шоматов бир неча йилдан бери диабетдан озор чекиб, даволаниб юрганига қарамай, оёқ тўпиғида йирингли чириш бошланиш арафасида эди. Оғриқдан қутилишнинг бирдан - бир йўли оёқнинг қуйи қисмини кесиб ташлаш кераклиги ўзигаям, жарроҳларгаям маълум бўлган. Чорасизлик босқичида ширин жонига интервенцион кардиологлар оро киритишлари хабарини эшитиб, умид кўзини уларга тиккан. Сўнгги йиллардаги тиббий-амалиёт янгилиги сифатида қўлланаётган бу усул туфайли тўрт мучасини соғ, оёғини бешикаст сақлаб қолиш имкони борлигини билиб, шу жойга даво истаб келган. Операция кутилганидек хайрли кечди. Тошкентлик ва наманганлик мутахассисларнинг ҳамкорлигидаги амалиётлари қандли диабетли инсоннинг кўзларида севинч ёшларини қалқитди.
Мингбулоқ туманининг Жомашўй шаҳарчасидан Манзура Раҳмонова, Наманган туманининг Шербулоқ қишлоғидан Мусохон Муҳиддиновлар ҳам салкам олтмиш ёшларида жарроҳ тиғига дучор бўлмай, оёқлари тўпиғининг асли ҳолига қайтиши учун интервенцион - кардиологларнинг ҳайратона амалиётларидан ўз вақтида самарали фойдаланиб қолишди.
- Янгича усул, яъни кесмасдан, жароҳат етказмасдан беморнинг тўпиғида қон юришига кайта йўл очишнинг аҳамияти беқиёсдир, - дейди пойтахтлик интервенцион - кардиолог Нодирбек Улуғбекович. - Ахир дарддан қутилишнинг сўнгги чораси оёқнинг қуйи қисмидан айрилиш бўларди. Лекин бизлар организмнинг қон ўтмай жонсиз ҳолга тушиб, йиринглаб, чиришга келаётган жараёнга чек қўяпмиз. Қонга яна йўл очяпмиз. Ўхшатиш жоиз бўлса, дарахтнинг сув ўтмай қолган шохи сўлиб, қуриб қоладиган аянчли ҳолат рўй бериши мумкинлигини олдиндан пайқаб, аниқ ташхис асосида давонинг мутлақо янги, энг замонавий усулини ишга соламиз. Сон қон томиридан махсус катетр ва баллонлар орқали ёпилган томирларни катта атмосферани юбориб очамиз ва стенд қўйиб, соғломлаштиришни муваффақиятли қўллаяпмиз. Оёқ ва бармоқларни кесиб ташлаш фожиаси қайда-ю, жароҳатсиз бу усулнинг қувончли шарофати қайда?! Қандли диабетли одамларга чинакамига нажот бағишлаётганимиздан, уларни фаол ҳаётга қайтараётганимиздан беҳад фахрланамиз. Наманганлик ҳамкасбларимиз биз билан теппа-тенг амалиётга киришиш тажрибасини тобора тўла-тўкис ўзлаштириб олишаётгани эса уларнинг маҳорат бобида ҳам тобора ўсиб боришаётганини кўрсатади. Энг муҳими, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга фаол ҳисса қўшилаётганидир.
Шунингдек, етмиш ёшли Раҳимахон Қодированинг бош айланиши, кўкрак оғриғи ва чап қўлнинг ҳаракати пасайишидан озор чекишига ҳам чек қўйилди. Чунки у чап ўмров артериясининг бошланғич қисми ёпилиши оқибатида бу ерга келган эди. Ая ҳам ўз вақтида нажот топди. Окклюзияга барҳам берилди. Аниқроғи, кесмасдан томирини очиб, стендлаш амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Албатта, интервенцион - кардиологларнинг моҳирона ҳаракатлари туфайли бир неча кишининг оёқлари бутлиги сақлаб қолинди. Энди беморларнинг тўқималари тикланиб, яшаши яхшиланади, ҳаёт тарзи ҳаловатли кечади. Бундан ортиқ бахт борми қандли диабетга чалинган омадли беморлар учун. Интервенцион - кардиологларнинг ҳайратона амалиётларидан ўз вақтида баҳрамандликка мушарраф бўлишди улар.
Вилоят кардиология марказининг йиғинлар залидаги маҳорат дарсида эса юқоридаги амалиётларнинг сир-асрорлари ҳақида батафсил фикр юритилди. Тиббиётнинг интервенцион-кардиология соҳасида тараққиётни ҳам юқори босқичга кўтариш борасидаги долзарб вазифалар аниқ белгилаб олинди. Булар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасига жавобан тиббиёт ходимлари ўз зиммаларидаги масъулиятни янада чуқур ҳис этишаётганининг, эл соғлиги йўлида билим ва юксак малакаларини астойдил сарфлашаётганининг яққол далилидир.
Содиқ САЙҲУН.