Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоят бошқармаси номига аҳолидан «Вакцинация нима, у бизга нима беради, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш мамлакатимизда, шу жумладан Наманган вилоятида қачон бошланади, бу борада қандай ишлар амалга оширилаётир?» каби долзарб саволлар кўплаб келмоқда. Бу ҳақда иммунопрофилактика бўлими мудири Шерзод Латибжонов қуйидагиларни маълум қилди.
Оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилаётганидек, GAVI ("Эмлаш ва иммунизация бўйича глобал альянс") ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси COVAX (Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш механизми) га аъзо давлатлар рўйхатига киритилганидан кўпчиликнинг хабари бор, албатта. Айнан ушбу имкониятдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг 20 фоизини "COVID-19" га қарши эмлаш учун буюртма тайёрлаб, COVAX жамғармасига юборилган.
- Нима учун кўпроқ эмас? - деган савол туғилиши табиий. Маълумки, вакцина билан дастлаб беморлар билан доимий мулоқотда бўлувчи тиббиёт ходимлари эмланиши зурурлиги талаб этилган. Кейинги босқичларда эса қариялар ва бошқа аҳоли эмланиши кўзда тутилган.
Бу вакцина хавф ости гуруҳига мансуб 50 минг аҳолини икки маротаба эмлашга етади. Вакцина 2 мл флаконда 5 дозадан иборат қилиб қадоқланган, ундан ташқари 0,45 концентрланган вакцина суспензияси бор ва у эмлашдан олдин 1,8 мл изотоник эритма билан суюлтирилгандан сўнг, шприцга 0,3 мл миқдорда олинади ва бир флакондаги вакцина билан 6 нафар шахсни эмлаш мумкин.
Бундан ташқари бугунги кунда Россия давлатида ишлаб чиқарилган "Спутник V" вакцинаси 20 дан зиёд мамлакатда рўйхатдан ўтказилган: Беларусь, Венгрия, Аргентина, Венесуэла, Арманистон, Туркманистон, БАА, Эрон шулар жумласидан. "Спутник V" вакцинаси самарадорликда "Америка вакцинасидан" (91,6 фоиз) дан сал ортда бўлсада, аммо ундан анча арзон, супермураккаб температура режимини талаб қилмайди ва шу билан бирга ўн йилликлар давомида мавжуд бўлиб келган, шу боис ҳам хавфсизлик жиҳатдан обдон ўрганилган платформа асосида яратилган. Худди шу технология ишончлилиги сабабли Россия ишланмаси ҳимояси давомийлиги ҳам ишонч билан ўта юқори сифатида аниқланган.
Ҳозирда коронавирусга қарши эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус xавфсиз иммунизация шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш, айниқса, вакцинатор, реаниматологлар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Келгусида аҳолининг катта миқдордаги қисмини эмлаш учун +2 +8 Со ҳароратда сақлаш имконияти бўлган вакциналардан фойдаланиш, юзага келиш эҳтимоли бўлган ноқулайликларнинг (-20 Со ва -70 Со) олдини олиши мумкин. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш (эмлаш календарига мувофиқ) тадбирлари амалга оширилади ва тиббиёт тизимининг барча бўғинларида 2-8ОС ҳароратга мўлжалланган совуқлик занжири инфратузилмаси тўлиқ яратилган бўлиб, ушбу тизим Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг барча талабларига жавоб беради. Эмлаш тадбирларига тайёргарлик кўриш баробарида GAVI ташкилотини маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонга 17 та катта ҳажмдаги рефрижераторлар ва 206 та юк ташувчи минивен автотранспорт воситалари харид қилинган бўлиб, ҳозирги кунда уларни жойларга етказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шукурки, Президентимиз, Республика Ҳукумати томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижаси боис мамлакатимизда коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари бирмунча камайди. Натижада, Республика махсус комиссиясининг қарори билан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида карантин чекловлари анча юмшатилди. Бироқ, бу карантин чекловлари бекор қилинди дегани эмас, албатта!
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабар беришича, бугунги кунда дунё мамлакатларининг айримларида коронавирусга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, юртимизда ҳам "СOVID-19" пандемияси даврида вакцинация жараёнига тайёргарлик тадбирлари Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда амалга оширилмоқда. Яъни, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, қисқа фурсатда сертификатланган, коронавирус касаллигига қарши вакцина кириб келиши билан вакцинация ишлари бошлаб юборилади. Бу тадбирни амалга оширишда биринчи галда ХАВФ ГУРУҲИ - тиббиёт ходимлари ва сурункали касаллиги бўлган аҳоли қатламини эмлаш режалаштирилган. Шу сабабли барча вилоятларда уларнинг сони аниқланиб, рўйхатини тузиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу борада Республика СЭО ва ЖСХнинг 2021 йил 15 январдаги 15-8/293-сонли кўрсатма хатига асосан Наманган вилоятида ҳам аҳолини коронавирусга қарши янги вакцина билан профилактик эмлаш тадбирларини мувофиқлаштириш штаби ва иш режаси тузилган ҳамда вилоят СЭО ва ЖСХ бошқармаси томонидан тасдиқланган. Шаҳар ва туманлар кесимида картографика тузилиб, унда эмлаш пункти, бригадаси ва ҳар бир бригададаги эмланадиган аҳоли сони аниқланиб чиқилмоқда. Ҳар бир даволаш профилактика муассасаси қошида ташкил этилган эмлаш пунктида тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига қарши ўқитилиб, тайёрланган мутахассислар, яъни бригада шифокори, вакцинатор ва уларнинг ўриндошлари эмлаш ишларини амалга оширишга шай ҳолга келтирилди. Шокка қарши дорилар заҳираси яратилиши чораси кўрилди. Вакцинани қабул қилиб олиш, ташиш, сақлаш жараёнида совуқлик занжирини мунтазам кузатадиган, мониторинг ишларини амалга оширувчи жавобгар омборхона мудирлари ва ўрта тиббиёт ходимлари рўйхати тасдиқланди. Вилоят қон қуйиш маркази ва вилоят СЭО ва ЖСХ бошқармасидаги махсус музлатгичлардан унумли ва самарали фойдаланиш тадориги кўрилди. Ҳар бир маъмурий ҳудудлар кесимида 60 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли сони тўғрисидаги маълумот шакллантирилди. Ушбу аҳоли қатлами орасидаги "Хавф ости гуруҳи"га мансуб бўлганлар рўйхати алоҳида назоратга олинди.
Биринчи навбатда, касаллик юқиш хавфи юқори бўлган, юқумли касалликлар шифохонаси, COVID-19га гумон қилинган беморларни даволаш марказлари, шошилинч тез тиббий ёрдам маркази, қабул бўлимлари, болалар ва катталар шифохоналари, тез тиббий хизматида ишлаётган тиббиёт ходимлари эмланиши режалаштирилган. Кейинги навбатда бирламчи даволаш профилактика муассасаларида (ОП, ҚОП, ОШП) хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимларида бу жараён давом эттирилади.
Эмлаш ишлари бошланиши ҳақида вилоят СЭО ва ЖСХ бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлимлари томонидан олдиндан хабар берилади. Эмлаш даврида ҳар бир фуқаро тўғрисидаги маълумот мавжуд ҳужжатларда қайд этиб борилади. Эмланган фуқаронинг талабига кўра, унга эмланганлиги тўғрисидаги маълумот берилиши йўлга қўйилади.
Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ суҳбатлашди.