Ҳозирда беморларни аниқ ташхислашда тобора оммалашиб бораётган қурилма - магнит резонанс томографиясидир. Бунда магнит тебраниши ёрдамида танадаги мавжуд ўзгаришлар аниқланади. Компьютер томографиясидан фарқли МРТ нурлантирмайди, мутлақо хавфсиз. У асосан юмшоқ соҳаларни, масалан мушаклар, асаб толалари, мия, орқа мия ва умртқалараро дисклар, бўғимларни яхши кўра олади.
Яқинда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига Голландияда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги, замонавий МРТ аппаратининг келтирилганлиги аҳолига жуда қулай имкониятни яратди. Қувайт тараққиёт жамғармасидан 1 миллион еврога имтиёзли кредит асосида харид қилинган ушбу ноёб аппаратнинг афзалликлари ҳақида шифохонанинг Рентген - диагностика бўлими мудири Музаффар Эргашев қуйидагиларни сўзлаб берди:
- Бўғимлардаги дегенератив (артроз) ва яллиғланиш (артрит) ҳолатлари ривожининг эрта босқичида, шунингдек бўғим юзасидаги турли шикастлар, пай мушак ва пайчалардаги майда узилишларни аниқлашда МРТнинг аҳамияти катта. Одатда бўғимлар МРТси бевосита текширилаётган соҳани операция қилишдан олдин ва беморнинг операциядан кейинги аҳволини назорат қилиш мақсадида ўтказилади.
Текширувнинг рентген усули билан таққослаганда бўғимлар МРТси ўта аниқликка эга, ҳатто ультратовуш ёрдамида ташхислашдан кўра анча юқори туради. МРТ шикастланган тўқималар патологиясини аниқ кўрсатиб беради. Маълумки, бўғимлар шикастланиши энг кўп учрайдиган жароҳат турига киради ва 70 фоизни ташкил этади. Айниқса замонавий ташхислашда йирик бўғимлар шикастланишидан шикоят қилган беморларга ички ва ташқи тузилмаларнинг қай тарзда жароҳатланганини фақат МРТ ишончли аниқлаб беради.
МРТ текшируви оғриқсиз кечади. Бемор магнит майдони ва радиотўлқинларни деярли ҳис қилмайди. Текширув пайтида эшитиладиган нохуш товушларнинг қулоқлар учун зарари йўқ, фақат бемор эркин нафас олиши, бош ва танасини қимирлатмаслиги керак.
Аммо диагностика магнит тўлқинлари билан боғлиқлиги сабабли кийимларида металли предметлар бўлган ёки танасига кардиостимулятор ва бошқа хил метал имплантант ўрнатилган кишилар бу текширувдан ўтолмайди.
М. ЭРГАШЕВА ёзиб олди.