Суғуртали тиббиётнинг Ўзбекистонда жорий этилиши кутилаётган зарур компонентларидан бири замонавий клиник протоколларнинг мавжудлиги бўлиб, унга ҳар бир шифокор риоя этиши шарт бўлади. Мазкур масала Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва Германиянинг халқаро ҳамкорлик бўйича жамияти (GIZ) ўртасидаги учрашувнинг энг зарур масалаларидан бири бўлди.

Миллий палата раиси Ровшан Изамов таъкидлаганидек, мазкур давлат тизими томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан замонавий халқаро талабларга мувофиқ клиник протоколларни ишлаб чиқиш бў­йича биргаликда иш олиб бориляпти. Клиник протоколлар, олдинда турган шифокорларни лицензиялаш ва бошқа компонентлар суғуртали тиббиётнинг асосида ётади. Бундай кенг миқёсдаги ишни амалга оширишда самарали ёрдамни тажрибали халқаро экспертлар кўрсата олишлари мумкин эди.

Ўз ўрнида GIZнинг Ўзбекис­тондаги Ваколатхонаси раҳбари Йорг Пуделька Германиянинг халқаро ҳамкорлик бў­йича жамияти мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга, жумладан экспертларни тақдим этиш йўли билан ҳам тайёр эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистонга бундай экспертларнинг келиши ва бу ерда ишлаши билан боғлиқ харажатларнинг катта қисмини Германиянинг халқаро ҳамкорлик бўйича жамияти ўзига олишини инобатга олиб, бундай грантли кўмакнинг муҳимлигини исботлаш зарур. Бундай грантни қўлга киритиб, Миллий палата клиник протоколларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни тезлаштиришни режалаштир­япти. Бу иш 2019 йил декабр­да мазкур давлат тизими ва Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан имзоланган қўшма қарорга асосан амалга ошириляпти. Замонавий клиник протоколларни тезроқ ишлаб чиқиш ва қабул қилиш Ўзбекис­тон аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматни янги сифат даражасига кўтариш имконини беради.

Бундай ёндашувни GIZ вакиллари тўлиқ тўғри тушундилар. Бундан ташқари Ўзбекистонда GIZ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар орасида айнан мавжуд услубларни, тиббиёт соҳасидаги ўқув қўлланмаларини ўзгартиришни мақсад қилганлари ҳам бор. Хусусан, GIZнинг "Ўзбекистонда илғор тиббиёт технологияларни бошқариш" лойиҳаси вакили Алия Жалмагамбетованинг тушунтиришича, бундай иш болалар жарроҳлигида, гинекологияда, урологияда ва бошқа йўналишларда қўлланиладиган минимал инвазив муолажалар йўналишида амалга оширилади.

2021 йил 1 февралда ўтказилган онлайн музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун замонавий клиник протоколларни амалга ошириш мақсадида халқаро экспертларни жалб этиш юзасидан зарур ҳужжатларни тайёрлаш бўйича келишишга муваффақ бўлдилар.

Шунингдек, Миллий палата ва GIZ мамлакат аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш ишларини энг яхши халқаро тажрибалар асосида замонавий тиббий инновацияларни олиб кирган ҳолда яхшилаш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама этишни давом эттиради.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни

сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати.