Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110-сонли Фармони ижросини таъминлаш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда.
Уйчи туманида бўлганимизда қайноқ жараённи кузатдик. Айниқса, аҳолини тиббий хатлов ва антропометрик ўлчовдан ўтказиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Ҳудуддаги 58 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи икки юз минг нафардан зиёд одамни тўлиқ тиббий хатловдан ўтказиш ишлари тармоқ режа жадвали асосида олиб борилмоқда.
Ахси қишлоғидаги маҳаллаларда барча хонадонларни тиббий текширувдан ўтказиш ишлари жадал. "Ахси" оилавий шифокор пункти жамоаси бор куч ва имкониятларини бу жараёнга сафарбар этган. Тиббиёт маскани раҳбари Дилбархон Қаюмованинг қайд этишича, ҳудудда яшовчи 6 минг нафардан зиёд аҳолини тиббий хатловдан ўтказиш учун 3 та тиббий бригада тузилган. Улар хонадонма-хонадон юриб, ёшу қарининг саломатлигини қатъий текшириб кўришяпти.
- Бизнинг оиламизга ҳам шифокорлар гуруҳи ташриф буюришди. Оила аъзоларимизни бирма-бир соғлиғини назоратдан ўтказишди. Мен сурункали касалликларга дучор бўлганим учун соғломлаштириш бўйича маслаҳатлар беришди. Соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни ошириш юзасидан айтилган тавсияларга амал қилганим боис ортиқча 15 килограм вазндан халос бўлдим. Энди оиламиз аъзоларини бадантарбия машғулотларига ундаяпман, - дейди "Шафтолизор" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жамила Шожалилова.
Биз мазкур оилавий шифокор пункти тиббий бригадаларининг фаолияти билан танишдик.Иккита бригада "Юксалиш" маҳалла фуқаролар йиғини депарасидаги хонадонларда тиббий хатлов ва антропометрик ўлчовларни олиб бораётган эди. Ахси кўчасидаги 16-уйга кирганимизда оила шифокори Умида Абдужамилова раҳбарлигидаги бригаданинг иш фаолиятига разм солдик. Врачнинг ўзи Ҳайдаровлар оиласи аъзоларининг соғлиғини кузатувдан ўтказмоқда.
Патронаж ҳамшираси Муҳаббат Мамадалиева хонадон аъзоларининг антропометрик ўлчовларини белгилаётган бўлса, ўрта тиббиёт ходими Соҳиба Турғунова бўй ва вазн индикаторларни ҳисоблаб чиқмоқда. Яна бир ҳамшира Ойгул Назарова барча фаолиятни тартибга солиб турибди.
- Оиламизнинг ўн нафар аъзоси саломатлиги даражаси қисқа фурсатда ойдинлашди. Менинг қон босимим юқорилиги намоён бўлди. Шифокор даволанишим учун зарур тавсияларни берди. Айниқса, соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилишим зарурлиги тушунтирилди, - дейди оила бекаси Маҳмуда Холдорова.
Дарҳақиқат, бу жараён бутун туман узра ёйилган. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, уларга ёрдамга келган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали мутахассислари ҳамда тиббиёт олийгоҳларининг битирувчи талабалари Уйчида фаолият олиб бораётган 98 та тиббий бригада билан ҳамкорликда ҳар куни жами аҳолининг уч фоизини тиббий текширувдан ўтказишга муваффақ бўлмоқда.
- Туманимизда икки юз минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг саломатлик кўрсаткичлари аниқ даражасини белгилашда мазкур жараённинг аҳамияти катта, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Юсуфжон ака Раҳмонов. - Қисқа фурсатда жами аҳолининг 16 фоизи тиббий хатлов ва антропометрик ўлчовдан ўтказилди. 254 нафар патронаж ҳамшира, 96 нафар врач, олийгоҳлар битирувчиларидан 20 нафар ва РИО ва РИАТМ Наманган филиалининг ўндан ортиқ бўлим мудирлари тумандаги барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари жамоалари билан елкама-елка туриб ишлашмоқда. Бу хайрли иш нафақат "Ахси", балки "Ёркатай" ОШП ва 33, 35, 37-оилавий поликлиникаларда ҳам намунали йўлга қўйилган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси барча ҳудудлар қатори, Уйчидаги тиббий жараёнларни қатъий назоратга олган. Бошқарма нодавлат тиббиёт муассасаларини лицензиялаш ва аккредитациялаш сектори бўйича бош мутахассислари Назиржон Давлатов ва Толибжон Ваҳобовлар кунма-кун фаолиятни ўрганиб боришмоқда. Мавжуд муаммолар жойида аниқланиб, тезкор равишда бартараф этилмоқда. Бу эса жараён изчиллигини, фаолият самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.