Соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар баробарида ихтисослаштирилган тиббий хизмат юқоридан қуйига қараб ёйилиб бормоқда. Хусусан, пойтахтимизда жойлашган ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари етакчи шифокорларининг вилоятларга, туман марказлари, ҳатто олис қишлоқларда яшовчи фуқаролар ҳузурига йўл олиши одат тусига кириб қолди.

Бинобарин, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ мутахассислари ўтган ҳафтада Наманган вилоятида бўлишди.

РИКИАТМ директори Хуршид Фозилов раҳбарлигидаги шифокорлар гуруҳи марказнинг Наманган филиалида юрак хасталикларидан азият чекаётган кўплаб беморларни тиббий кўрикдан ўтказишди. Бош шифокор Жамшид Ирисов, олий тоифали кардиолог Воҳиджон Турдиев, аритмолог-жарроҳ Шоҳруҳ Эркабоев, функционал диагностика мутахассиси Шуҳрат Дониёровлар ўнлаб беморларнинг ҳолатини чуқур текшириб кўриб, уларни дарддан халос этиш бўйича зарур тавсиялар беришди.

Куннинг иккинчи ярмида Тош­кент­дан келган таниқли кардиологлар Поп, Чуст ва Тўрақўрғон туманидаги марказий шифохоналарда даволанаётганлар саломатлигини кўздан кечиришди. Уларга соғломлаштириш бўйича ҳам тегишли маслаҳатларни беришди. Ҳудудлардаги жараёнлар бу билан кифояланмади. Бир неча маҳаллалардаги хас­таҳолларнинг яшаш жойларига борилди. Беморларни самарали даволаш чоралари изланди.

- Таниқли шифокорларнинг вилоятимизга келишлари маҳаллий тиббиёт ходимлар малакасини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, - дейди РИКИАТМ Наманган филиали директори Солижон Мўминов.- Бугина эмас, кардиологик хизматни янги босқичга кўтариш юзасидан амалий ишларга киришяпмиз. Хусусан, яқин орада тиббиётни рақамлаштириш ва телетиббиётни жорий этиш бўйича дастлабки қадамлар қўйилади.

Дарҳақиқат, яна бир тадбир ташкилланади. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари иштирокида наманганлик кардиологлар учун кўргазмали анжуман уюштирилди. Мақсад - кардиологиянинг сўнгги ютуқлари оммалаштирилиб, ҳудудий шифохоналарда фаолият олиб бораётган врачларнинг билим ва кўникмасини бойитиш орқали хизмат самарадорлигини янада оширишдан иборат.

Марказ ва минтақалар амалий ҳамкорлигини вужудга келтириш, яъни малакали тиббий хизматни юқоридан қуйига қараб йўналтиришдан кутилган натижа ҳам аслида шудир. Зеро, касалликка чалинганлар энди узоқларга бориб, таниқли докторларни излашмайди. Беморлар истиқомат қиладиган жойларга уларнинг ўзлари ке­лишяпти.

Абдулла ҒОЗИЕВ.