Фонднинг таркибий бўлинмаси ҳисобланган филиалимиз томонидан ҳам эртанги кунимиз эгаларининг жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида изчил иш олиб бориляпти. Жорий йилнинг илк чорагида ташкил этилган соғлом турмуш тарзини шакллантириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, ОИТС ва гиёҳвандликка қарши кураш мавзуларида 92 та тадбир ташкилланди. Уларда 12 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этишди.

Болаларнинг дунёқарашини ўстириш, маънавий-маърифий соҳадаги тасаввурларини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз ҳам ижобий самаралар беряпти. "Соғлом авлод - келажак пойдевори", "Отам, онам ва мен", "Қизлар ва оила", "Соғ­лом бола" мавзуларидаги давра суҳбатлари, кўнгилочар ўйинлар, "Нафосат", "Соғлом авлод маликаси" каби кўрик-танловлар фикримиз далилидир.

Турли саналар ва байрамлар муносабати билан ҳайрия тадбирларини ўтказиш одат тусига кирган. Кам таъминланган оилалар фарзандларига, ногиронлар ва кекса авлод вакилларига фондимиз томонидан моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Дори-дармон, кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиляпти.

Тиббий-ижтимоий хизмат ҳам фаолиятимизни асосий йўналишлари қаторида туради. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қуйи тизимлари билан ҳамкорликда олис қишлоқларда тиббий кўриклар ташкил этмоқдамиз. Поп, Чуст ва Тўрақўрғон туманларидаги 13 та қишлоқ фуқаролар йиғинларида яшовчи кам таъминланган оилалар аъзоларидан 5530 нафарини саломатлиги текшириб кўрилди. Уларнинг аксарияти болалар ва ўсмирлардир. Тиббий кўрик давомида ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун 458 миллион сўмлик мурувват дори-дармонлари, ногиронлар аравачалари, турли тарқатма тасвирий тарғибот воситалари берилди.

Фондимизнинг ногирон болаларни соғломлаштириш бўйича дастури ижроси самараси ўлароқ 6 нафар лаб-танглай нуқсонли кичкинтой Германиянинг "Фридинсдбрдо Интернейшнл" халқаро ташкилот гранти асосида пойтахтимизда операция қилинди. "Чиройли оёқчалар" лойиҳаси доирасида эса 10 нафар боланинг оёғидаги нуқсонлар Тошкент ва Андижон шаҳарларидаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида кечган амалиётлар чоғида бартараф этилди. Тошкент педиатрия тиббиёт олийгоҳи клиникасида даволаниш учун икки нафар болага имтиёзли йўлланмалар берилди. Янгиқўрғон тумани ва Наманган шаҳридан 3 нафар ногирон болалар хорижий клиникада бепул даволаниш учун юборилди.

Хайрулло ОРТИҚОВ,

филиал директори.